Бола ким билан қолади ёхуд болани олиш низолари билан боғлиқ суд амалиётидаги бўшлиқлар

12.10.2022 15:10:12

Мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва уларни ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири саналади. Шу боисдан бугунги кунда бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва уларни суд томонидан ҳимоя қилишга  алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судлари томонидан 2021 йилда кўрилган болаларни тарбиясига олиш ҳақидаги фуқаролик ишлари жами 65 та ҳал қилув қарори чиқарилган. Шундан 36 та фуқаролик иши бўйича даъво аризалар қаноатлантирилган, 10 таси фуқаролик иши бўйича даъво аризалар қаноатлантиришдан рад этилиб, 3 таси иш юритув тугатилган, 16 та даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судлари томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойида кўрилган болаларни тарбиясига олиш ҳақидаги фуқаролик ишлари жами 43 та ҳал қилув қарори чиқарилган, шундан 23 та фуқаролик иши бўйича даъво аризалар қаноатлантирилган, 9 таси фуқаролик иши бўйича даъво аризалар қаноатлантиришдан рад этилган, 1 таси иш юритув тугатилган, 10 та даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 75-моддасига кўра, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим. Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олиши қатъий белгиланган.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясида бола тарбияси ва ривожланиши учун иккала ота-она ҳам улар бирга ёки алоҳида яшаши ёки улар ҳозирда ёки ўтмишда қонуний никоҳдан ўтган ёки ўтмаганлигидан қатъий назар, биргаликда жавобгарликни тан олади. Ота-она ажрашганда ёки алоҳида яшашни бошлаганида, БМТ Қўмитаси боланинг ким билан яшаш ҳақидаги низоларда ота-она ўртасида жавобгарликнинг тенг тақсимланиши боланинг яхши манфаатларига хизмат қилишига урғу бериб ўтган. Шу билан бирга, бу ерда бола учун энг яхши манфаат нимадан иборат эканлиги ягона мезон бўлиб қолиши лозим, бунда ота-оналик масъулияти боланинг ёши ва жинсидан келиб чиқибгина боланинг отаси ёки онасининг бирига автоматик равишда бериб қуйилмайди.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси, шунингдек боланинг доимий алоқани сақлаб қолиш ҳуқуқи боланинг нафақат ота-онасига, балки, агарда бу боланинг энг яхши манфаатларига зид бўлмаса, боланинг яқин қариндошлари ва ижтимоий тармоқлари (ака-ука ва опа-сингиллари, буви-боболари, амма-холалари ва тоға-амакилари, дўстлари ва бола яқин шахсий муносабатда бўлган бошқа шахслар)га нисбатан тегишли бўлишига алоҳида урғу берилган.

Афсуски, юртимизда руҳий ва жисмоний зўравонлик сабаб бола онаси (аёл)дан мажбуран олиб қолинганлиги ҳолати бўйича мазкур тоифадаги фуқаролик ишлари ўрганилганида жисмоний ва руҳий зўравонлик сабаб бола онасидан мажбуран олиб қолинганлиги ҳолатлари кўплаб учраб туради.

Хусусан: даъвогар Ё.Д. судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда Қ.А билан 2004 йилдан бери бирга яшашини, жавобгар «яшамайман» деб ажримга берганлигини, суд ўйлаб кўриш учун муҳлат берганлигини, шу муҳлат ичида бир ой болаларини олиб отасиникида туриб келганлигини, шу тарзда берилган муҳлатни ўтказаётганлиги, жавобгар келганлигини, қувониб қолганлигини лекин, «сен билан яшамайман» деб уни уйга қўймаганлигини, ишга бориб-келиб подвалда болаларини кўриб яшашни давом этганлигини, озгина соғлиғи бўлмаганлигини, ота-онаси участка нозирини, маҳалла маслаҳатчиларини олиб келганлигини, уни олиб кетиб яшаётган жойини кўрсатганлигини, турмуш ўртоғи уйга қўймаслигини айтганлигини ва ҳеч ўзига айтмаган гапни туҳмат қилганлигини, уни ахлоқан бузуққа чиқарганлигини, «кечаси машиналар келиб-кетди, телефонга видеога туширдим» деб болаларини бермаслик учун унга туҳмат қилганлигини, даъвогар вояга етмаган қизларини олиб беришни сўраган. Суд даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириб суд қарори чиқарган бўлишига қарамасдан, суд қарори ижроси таъминланмасдан келмоқда.

Жавобгар қизларини даъвогарнинг тарбиясига бермасдан уларни мулоқотини ҳам чеклаб қўйган.

Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатдики, аёллар табиатан сер суҳбат ва ижтимоий фаол бўлишлари кўпчилигимизга маълум. Қиз фарзандларнинг ривожланиши ўғилларга нисбатан тезроқ бўлади ва натижада оналар қизлари билан кўпроқ шуғулланадилар. Улар балоғатга етган сайин оналарининг маслаҳати ва кўмагига муҳтож бўлиб борадилар.

Афсуски, ҳаётда шундай оталар ҳам борки фарзандларини турмуш ўртоқларига «қурол» сифатида ишлатиб, болаларнинг манфаатлари билан ҳисоблашмайдилар.

Болалар иштирокида фуқаролик ишларини кўришда бола ва ота онанинг умуман, оилавий муносабатларнинг табиатига аниқлик киритишда суд махсус билимларга эга бўлган эксперт ва мутахассис хизматига эҳтиёж сезади.

Маълум масала бўйича боланинг фикрини билиш муҳим бўлган суд низолари яъни болани ўз тарбиясига олишда (бола ким билан яшамоқчи), боланинг фикридан ташқари, педагог ва психолог ёрдамида боланинг таъсирчанлиги, ўзгалар таъсирига қай даражада тушиб қолиши, мустақил қарор қабул қилиш салоҳияти, ўз қарорларини онгли қабул қилиш ва тушуниш салоҳиятини текшириш лозим бўлади .

Кўп йиллик судьялик тажрибам ва устоз судьяларнинг суд амалиётларида тажрибасидан келиб чиқиб ушбу муаммони бартараф этишда қуйидаги масалаларни ҳал этиш лозим деб ҳисоблайман.

Яъни, судлар таркибида махсус оилавий психологлар штати ташкил қилиниб, улар бевосита мустақил эксперт ҳисобланиши лозим.

Бундан ташқари, болани олиб бериш билан боғлиқ суд қарорини ижро этишда турли хил жанжалларнинг юзага келиши, ота ёки онанинг болани бермаслиги, бола психологиясига руҳий, жисмоний тазйиқлар, боланинг соғлиғи ёки ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган турли хил ҳолатларнинг содир этилиши ижрони қийинлашишига ёки тўхтатиб турилишига олиб келишини ҳисобга олган ҳолда, суд ижрочилари болани олиш ва уни бошқа шахсга бериш билан боғлиқ суднинг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этишда албатта болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси вакиллари ҳамда, зарур ҳолларда эса, ички ишлар органи вакили ва оилавий психологлар иштирокида амалга ошириши лозим.

Бу эса албатта суд ишлари ҳажмини камайишига ва низоларни тез ҳамда холисона тўғри қонуний ҳал қилинишига олиб келади.

 

Гулнафис ХУДАЙБЕРДИЕВА,

Навоий вилоят суди судьяси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+