Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш — ҳар биримизнинг бурчимиз

06.12.2023 09:12:33

Бугунги кунда айрим хорижий давлатларда бўлаётган ўзаро низолар ва урушлар туфайли бегуноҳ болалар азият чекмоқда, майиб-мажруҳ ва ҳатто қурбон бўлмоқда. Бундан ташқари бағри тош, ёвуз ва ахлоқсиз кимсалар томонидан болаларга нисбатан зўравонликлар қилинаётганлиги ҳар қандай кишини қалбини ларзага солмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг сайловолди дастурида адолатли жамият қуриш, жумладан, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан қилинадиган зўравонликларнинг ҳар қандай туридан асраш, ҳимоя қилиш ва шунингдек, болаларнинг таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши, касб-ҳунар эгаллаши, даволаниши учун барча шарт-шароитларни яратиш ғоялари илгари сурилган.

Кўзда тутилган мақсадларни тўлақонли амалга оширишни қонун билан ҳимоялаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси бўйича жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида тарғибот ишларини ташкил этиш бўйича тавсиялар берилган эди. Унга асосан махсус режа тузилиб, партиянинг Наманган вилоят Кенгаши раҳбарлигида барча туман ва шаҳар кенгашлари раислари, депутатлар, партия фаоллари, адлия, ички ишлар ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, маънавият ва маърифат бўлимлари ҳамда бевосита жамоатчилик иштирокида жойларда янги қонун лойиҳаси батафсил ўрганиб чиқилиб, муҳокама этилди ва таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Ўтказилган тадбирлар бевосита вилоят телевидениесининг “Диёр” ахборот дастурида ва ҳокимиятлар муассислигидаги вилоят ва туман газеталарида, ижтимоий тармоқларда тўлақонли ёритиб борилди.
Мазкур қонун лойиҳасини аҳоли ўртасида тарғиб этиш ишларида партиянинг вилоят кенгаши раиси ўринбосарлари Баҳодир Болтабоев, Ёрқиной Ҳожиматова, Наманган давлат университети табиий фанлар факультети талабаси, “Ёшлар қаноти” етакчиси Шаҳзод Нўмонов, шунингдек, шаҳар ва туман кенгашлари раислари, депутатларимиз, аёллар қаноти етакчилари фаоллик кўрсатишди.
Жойларда ўтказилган давра суҳбатларида вилоят ички ишлар бошқармасининг ёшлар билан ишлашни ташкил этиш бўлинмаси бошлиғи Улуғбек Шарипов, Тўрақўрғон туман ички ишлар бўлимининг ҳудудий инспектор-психологи Жаҳонгир Неъматуллаев, “Аёллар қаноти” раиси Наргизахон Абдулазизова, Уйчи туман кенгаши депутати Раҳмонберди Исмоилов, Чуст тумани “Боло” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фурқатжон Маҳмудов, Поп тумани Адлия бўлими юрист-консультанти И. Бароталиева кабилар муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти билан таништиришда фаоллик кўрсатишди.

Қонун лойиҳаси муҳокамасида иштирок этганлар якдиллик билан болаларга қилинадиган ҳар қандай зўравонлик — келажакка қилинган зўравонлик, дея эътироф этишди.

Икки ой давом этган муҳокамада иштирокчилар томонидан ўнлаб таклифлар билдирилди ва болаларнинг энг устун манфаатларига зид бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар, жумладан уларнинг ҳаёти, соғлиги, шаъни ва қадр-қимматини поймол этишга уринишлар қонун билан ҳимоя қилинсагина кўзланган мақсадга эришилади. Бунда ота-оналар, жамоатчилик кўз-қулоқ бўлиб, азиз фарзандларимизни ҳар қадамда назорат ва ҳимоя қилиб борсалар руҳан тетик, баркамол авлод етишади ва улар ватан равнақи, тараққиёти учун муносиб бўлиб вояга етадилар.

 

Исроилжон ЖЎРАЕВ,
“Адолат” СДП
Наманган вилоят кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+