Болалар саломатлиги – доимий муҳофазада

18.05.2021 18:05:57

Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳар томонлама соғлом авлодни камолга етказиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдек олижаноб мақсад мужассам.

Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада тегишли ҳуқуқий база шаклланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳамда уларнинг саломатлигини ҳимоя қилишга оид нормаларда ўз ифодасини топган.

Қолаверса, саҳоватпеша инсонлар томонидан эҳтиёжманд оилалар, беморлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш ҳам халқимизга хос азалий қадриятлардан ҳисобланади.

Яқинда мамлакатимизда Рамазон ҳайити кенг нишонланди. Меҳр-мурувват, оқибат, саховат каби халқимизга хос эзгу фазилатлар ифодаси бўлмиш ушбу айём дилларга сурур бахш этгани билан алоҳида қадрлидир.

Шундай эзгу қадриятларимизга мувофиқ, Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Тошкент шаҳридаги шифо масканларида бўлиб, у ерда даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига борди. Президент марказнинг шароитларини кўздан кечирди. Шундан сўнг ушбу шифохонада дафоланаётган болажонлар билан суҳбатлашди.

«Шундай улуғ айём кунларида сизлар билан ҳамдардман. Буларнинг ҳаммаси менинг ҳам фарзандларим. Барча ҳаракатлар қилиняпти, керакли дори-дармонлар олиб келиняпти, яқинда янги бино фойдаланишга топширилади. У ерда ота-оналарга ҳам шароит бўлади, болаларнинг ўқишлари учун ҳам шароит яратилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг, Президентимиз Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюриб, марказда даволанаётган болалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашар экан, болаларнинг орзу-ниятлари, катта бўлса қайси касбни танламоқчи экани билан қизиқди.

Президент билан учрашган болалар ва уларнинг ота-оналари ўзларининг дилидаги сўзларини Президентга етказар экан, яккаю ягона ўтинчи фарзандларининг шифо топиб кетиши эканини маълум қилишди. Давлат раҳбари ушбу улуғ айём кунларида энг катта мақсад – бу ердаги барча болалар соғайиши эканини, бунинг учун ҳамма шароит яратилишини айтди.

– Бу бир синов. Ана шу синовлардан бардош билан ўтиб, тезроқ соғайиб, уйга қайтсаларингиз, ҳаммамиз хурсанд бўламиз. Мен болалар, ёшлар ҳақида кўп гапираман, уларга катта умидлар боғлайман. Илоҳим, мана шу болаларнинг ҳам касаллиги эсдан чиқиб, халқимизга хизмат қиладиган фарзандлар бўлиб етишсин. Улуғ айём кунларида Худодан шуни сўраймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Беморлар учун энг қийини керакли дориларни топиш ва сотиб олишдир. Шу боис бу борада давлатимиз томонидан ҳам кўмак кўрсатилмоқда. Онкология хизмати учун дори-дармон ва сарфлов воситаларига 2016 йилда 8 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич қарийб 62 миллиард сўмга етган.

Бундан кўриниб турибдики, беморлар саломатлигини тиклаш учун давлатимиз раҳбари томонидан барча шароитлар яратилмоқда.

Президент болалар ва уларнинг ота-оналари билан бирга суратга тушди. Давлатимиз раҳбари номидан болаларга совғалар топширилди. Бу эса болалар қалбида соғайишга бўлган ишонч, келажакка бўлган умидни янада орттирди, десак муболаға бўлмайди.

Шоира АКБАРОВА,

Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+