Боланинг бегонаси бўлмайди

04.06.2021 15:06:44

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан ҳар йили инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган анъанавий донорлик хайрия акцияси вилоят миқёсида бўлиб ўтди.

Қувонарлиси ушбу акция одамлар қалбида чуқур хайрихоҳлик уйғотмоқда. Ижтимоий тармоқлар, газета ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали берилган хабарни ўқиганлар, эшитганлар акцияга иштирок этиш, кўнгилли донор бўлиш мақсадида партиянинг вилоят Кенгашига тинимсиз телефон орқали боғланишмоқда. Акцияда иштирок этувчилар истакларини эътиборга олган ҳолда мазкур акция айни пайтда туманларда ҳам ташкил этилмоқда. Хусусан, бугуннинг ўзида Қўшработ, Ургут туман Кенгашлари томонидан ташкил этилган акцияда ҳозирга қадар 50 дан ортиқ кўнгилли донорлар қон топширдилар.

Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси севимли болажонларимизнинг саломатлиги ва шодлиги йўлида амалга оширилаётган ишлардир. Чунки, дунёда бола кулгисидан ёқимлироқ оҳанг топилмаса керак. Афсуски, иссиқ жон иситмасиз бўлмайди деганларидек, баъзан орамизда дард оғриғидан кулишни унутган мурғак вужуд эгалари, бетоб болажонларимиз ҳам борлиги инсонларни шундай савобли ишга бош қўшишга, бирикишга чорлади.

Халқимизда “Йиғлаб турган боланинг бегонаси бўлмайди” деган нақл бежиз айтилмаган. Хасталикка чалинган болажонларга ҳамдард бўлишни истаган партия вилоят Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари, партия фаоллари, кўплаб сафдошларимиз, хайрихоҳлар ҳамда бошқа кўнгилли фуқаролар ана беғараз донорлик қилиш мақсадида вилоят қон қўйиш марказида жам бўлишди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, донорлар қони билан беморлар ҳаётини сақлаб қолиш ва аҳолининг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш, фавқулодда ҳолатларда, мураккаб жарроҳлик амалиётларида, патологик туғуруқ жараёнларида ва жарроҳлик амалиётларида қўлланилади.

Саховатли инсонлар доимо эзгу ишлар қилишга интилиб яшайди. Айниқса, қилаётган бу хайрли амаллар кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга кўмак берса-чи? Қон бериш орқали дард билан олишаётган бемор болажонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга, яқинларига эртанги кунга умид ва ишонч бағишлашига хизмат қилади. Ўйлаймизки, инсон учун бундан ортиқ бахт топилмаса керак. Бор бўлинг, ҳамиша беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу ниятли инсонлар.

 

Асқар ХОЛИҚОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+