Бўлажак ҳуқуқшунос ва сиёсатчи кўрик-танловнинг Республика босқичига йўлланма олди

23.11.2022 17:11:42

Аввал хабар берганимиздек, партия ташаббуси билан юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг эътирофига сабаб бўлаётган «Конституция билимдони» кўрик-танлови воҳамиз бўйлаб ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиб келаётгани қувонарлидир.

Бугун Урганч шаҳар 2-сонли ўсмирлар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган танловнинг Хоразм вилоят босқичи ҳар қачонгидан ҳам самарали ташкил этилди.

Танловга шаҳар ва туман босқичлари ғолибларидан жами 13 иштирокчи, ҳамкор ташкилотлардан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, партия фаоллари, депутатлари иштирок этишди.

Иштирокчилар кўрик-танлов Низомига асосан, учта яъни «Таништирув», «Савол-жавоб» ҳамда «Эркин мавзу» шартлари бўйича беллашдилар.

Танлов шартларини тегишли соҳа вакилларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати аъзолари холисона баҳолаб боришди.

Иштирокчиларнинг танлов шартларини баҳолаб ғолибни аниқлаш жуда мураккаб кечди, - дейди ҳакамлар ҳайъати раиси, Хоразм вилоят Адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси, Ҳакамлар ҳайъати раиси Расулбек Ибрагимов. – Иштирокчи ёшларнинг танлов шартларини фаоллик билан бажаришдаги қобилиятларини кўриб қойил қолдик. Айниқса, Бош Қомусимиз, партиянинг сайловолди дастурига ва бошқа Қонунларга оид сиёсий билимларини юксалиб бораётганидан ушбу танлов жуда ўринли ташкил этилганига амин бўлдик. Кўрик-танловнинг келажаги порлоқ эканига шубҳа йўқ.

Танлов шартларини аъло даражада бажариб, барчани эътиборини тортган Хоразм вилоят Юридик техникуми ўқувчиси Фазилат Абдужабборова ғолиб деб топилди ва кўрик-танловнинг Республика босқичига йўлланма олди.

2-ўринни Хива шаҳар 9-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Зуҳра Отабоева, 3-ўринни Боғот туманидан Шоҳзода Саъдуллаева қўлга киритишди. Қолган иштирокчилар танловдаги фаол иштироки учун партиянинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Фазилат Абдужабборова ёш адолатчи, танлов ғолиби:

– Кўрик- танлов ўз устимда ишлашимга, партия сайловолди дастури, Конституциямиз ва бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги билимларимни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ғолиб бўлишни мақсад қилдим ва тинимсиз тайёргарлик кўрдим. Партияга бўлган кучли қизиқишим учун ҳам танлов шартларини ҳеч қийналмасдан бажардим. Танловнинг кейинги босқичида ҳам ғолибликни қўлга киритиш учун бор билим ва истеъдодим билан курашаман. Танловда ғолиблигим Бош Қомусимизнинг 30 йиллигига туҳфам бўлса, яна бир қувонганим барча шаҳар ва туманлардан келган иштирокчилар билан дўстлашиб олдим. Ташкилотчиларга раҳмат!

Бир сўз билан айтганда, партия томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбир ва кўрик-танловлар янги Ўзбекистонимизни билимли ва ватанпарвар ёшлар билан бирга қуришга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

«Адолат» СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+