Болажонлар учун унитилмас кун бўлди

04.06.2022 10:06:00

1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади. Албатта, болажонлар ҳаётимиз мазмунининг ажралмас қисмидир. Улар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажонлар мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисолидир.

1-июн яъни, ёзнинг 1-куни Юртимизнинг барча гўшаларида келажагимиз эгалари учун турли кўнгил очар байрам дастурлари, концертлар, сайиллар, спорт мусобақалари ва турли хил тадбирлар ўтказилади. Истироҳат боғлари эса болаларнинг табассумлари билан гўёки мўжизалар дунёсига айланади.

Мана шундай тадбирлардан бири Жиззах шаҳридаги “Алишер Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб ўтди. Жиззах вилоят ҳамда Жиззах шаҳар пракуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда 100 га яқин болажонлар учун ўзига хос байрам дастури ташкил этилиб, улар учун байрам дастурхони тайёрланди.

Тадбирда сўзга чиққан партиянинг вилоят Кенгши раиси Ориф Шукуров барча болажонларна байрам билан табриклаб, болалик - ҳаёт уммонининг мусаффо сарчашмаси эканлигини, бу давр ҳар бир мурғак қалб учун эзгуликка тўла лаҳзалар эканлигини таъкидлаб ўтди.

Аслида ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш замирида ҳаётни, унинг давомийлигини асраб-авайлаш моҳияти ётади. Улар тўғрисидаги ҳар қандай ғамхўрлик эса юрт равнақи учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор демакдир. Бугун эртамиз эгаларига кўрсатилаётган эътибор келажакда уларнинг Ватанига садоқатли, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб вояга етишишларида муҳим омил ҳисобланади.

Тадбир давомида гўзал болаликни, Она Ватанни тараннум этувчи дилрабо куй-қўшиқлар, рақслар гулдастаси ёш авлодга кўтаринки кайфият улашди. Тадбир сўнгида ҳамкор ташкилотлар томонидан  барча болажонларга байрам совғалари тақдим этилди.

“Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+