Бор бўлинг фидойилар

19.11.2021 16:11:34

Тун. Соат тунги 1.00 га яқин укам телефон қилди. Яқин орада фарзандли бўлиши кераклиги учун ҳам шошиб телефонни кўтардим. Келинимизни озроқ мазаси бўлмаётганини айтишди. Вақтни йўқотмасдан шифокор назоратида бўлиши яхшироқ деб ўйлаб шифохонага йўл олдик. Яхшилаб текширувдан ўтказган шифокорлар кутилаётган фарзанд эгизак эканлигини, муддатидан илгарироқ туғилишини маълум қилишди. Ярим тун бўлишига қарамай шифокорлар керакли муолажаларни ўз вақтида амалга оширишди. Туғруқ амалиёти муваффақиятли ўтди. Она ва болаларнинг саломатлиги учун барча шарт-шароитлар билан таъминланганини кўриб, соат 4.30 ларда уйга қайтаётганимда ҳам фидойи шифокорлар ҳали у беморга, ҳали бу беморга муолажа қилиб югуриб юрар эди.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазири ярим тунда  тиббиёт муассасаларини бориб ўргангани, унинг натижалари юзасидан мажлис ўтказганлиги тўғрисида хабар тарқалиб, халқ орасида илиқ фикрлар билдирилди. Бу вазиятга ҳар ким ўзича баҳо берди. Аммо мен ўйлайманки, нафақат уйқу нималигини билмайдиган, ҳамиша бедорлар, биргина тиббиёт соҳасида эмас, балки барча соҳада ҳам тезкорлик билан юзага келган мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида амалга ошираётган бундай ҳаракатлар ўзининг ижобий самарасини беради. Масалага тезкорлик билан ёндашув, муаммони жойида ҳал этилиши соҳага нисбатан аҳолида ишонч уйғонади.

Мана икки йилдирки дунёга хавф солган тождор вирус сабабли сифатли тиббий хизматга талаб янада ошди, шу билан биргаликда ушбу соҳада ҳали амалга оширилиши зарур бўлган ишлар талайгина эканлигини ҳам кўрсатди. Жумладан, фуқароларга чекка-чекка қишлоқларда ҳам кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, соҳада малакали мутахассислар етишмовчилигини олдини олиш, тиббиёт ва таълим соҳасини ҳамкорлигини йўлга қўйиш бугунги кун талаби.

Албатта, инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳаётдан, бугунги давр ислоҳотларидан рози бўлиб яшаши йўлида соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар  ўзининг самарасини беради.

Санобар Мирсаидова,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+