Бор меҳримиз сенга, болажон!

01.12.2023 18:12:21

     Бугунги кунда нафақат дунё тиббиётида, балки мамлакатимизда ҳам қон ва қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёж жуда ҳам катта. Ҳар куни минглаб инсонлар донорлар қонига муҳтож бўладилар. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ.
     Қон қуйишга муҳтож бўлиб қолган ҳар бир одамнинг алоҳида қон гуруҳи ва резус фактори борлигини инобатга олганда, унга фақатгина шу гуруҳ ва фактордаги қон қуйилиши мумкин.
     Хўш, бундай ҳолатларда қон қаердан олинади? Биз улар ҳақида кўп эшитамиз, ўқиймиз, ҳатто ўзимиз ҳам улар орасида бўлишимиз мумкин. Булар — донорлар. Лотин тилидан олинган бу сўзнинг маъноси ҳам “ҳадя қилиш” дегани. Донорлик қилиш қон олаётган киши билан бир қаторда, қон бераётган кишининг ҳам соғлигига жуда фойдали.

     Европа ва Америка давлатларида донорликка нисбатан ижобий муҳит шаклланиб бормоқда. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 3-4% ни ташкил қилади. Таққослаш учун: Европа мамлакатларида 1000 кишига 40 донор, АҚШда эса 60 донор тўғри келади. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларида эса, донорлар аҳоли сонига нисбатан ҳар 1000 кишига камида ўнтани ёки умумий аҳоли сонининг камида – 1 % ни ташкил этиши лозимлиги белгилаган.


     Маълумки, ўзининг дастурий мақсадларида аҳоли саломатлигини сақлаш, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларга кўмаклашишни устувор масалалардан бири сифатида белгилаб олган, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси бир неча йиллардан буён мамлакатимизда донорларга бўлган эътиборни юксалтириш, донорлик акцияларини кенг оммалаштириш борасида салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда.
     Ўтган йилларда партия ташаббуси билан ўтказилган “Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик акцияларида Республика миқёсида жами 19452 нафар кўнгилли донорлар иштирок этгани ва натижада 6 808 литр қон йиғишга эришилиб, ушбу ҳаёт томчилари орқали 38 904 нафар қонга муҳтож болажонлар ҳаёти сақлаб қолинганига эътибор қаратсак, партияни ушбу хайрли ҳаракатнинг мамлакатимиздаги етакчи ташаббускори дейишимизга етарлича асослар бор.


     “Адолат”чилар томонидан ўтган 7 йилдан буён 8-декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ҳамда 1-июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказиб келинаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси анъанага кўра жорий йилнинг 1-декабрь куни ҳам мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб кенг кўламда ўтказилди.
     8-декабрь – Бош Қомусимиз қабул қилинган кун олдидан ташкил этилган мазкур акция Республика қон қуйиш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилди.


     Аҳамиятлиси, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат туйғулари ҳамиша қадрланган юртдошларимиз иштирокидаги акциямизнинг бу галги жараёнлари ҳам кўтаринки руҳда, самимий ташаббуслар асосида ўтди. Айниқса, Ватандошларимиз беморлар ҳолидан хабар олиш, уларга кўмак кўрсатишни инсонийлик бурчи деб билиши, қолаверса, беморлар кўзимизнинг оқу қораси бўлган болажонлар эканлиги, бу масъулият янада кучайтирди.
     Жараёнда иштирок этган партия вакиллари ҳамда тиббиёт соҳаси мутахассислари томонидан кўнгилли инсонларнинг болалар учун топширган қони уларнинг дардига шифо бўлиб, ҳаётга бўлган ишончини ошириши таъкидланди.
     Яна шуни ҳам айтиш жоизки, акция жараёнида нафақат кўнгилли фуқароларимиз, балки мамлакатимиз тинчлигини кўз қорачиғидай асраб келаётган ҳарбийларимиз, Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ўз ташаббуслари билан фаол иштирок этишди. Эл ардоғидаги санъаткорлар, телерадио бошловчилар ҳамда журналист ва блогерларимизнинг ушбу акцияга хайрихоҳ бўлиб, жараёнларда ташаббус кўрсатиши тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
     Акцияда иштирок этиш истагида келган юртдошларимизга партия фаоллари ҳамда мутахассислар томонидан, аввало, бу каби тадбирларнинг аҳамияти, қон топширишнинг инсон саломатлигига ижобий таъсири ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
     Таъкидланганидек, ҳозирда илм-фанда қон ва унинг таркибий қисмларини сунъий равишда олиш аниқланмаган. Шу сабабли, донорлар шошилинч равишда қон қуйишга муҳтож бўлган касал ва жароҳатланган одамлар учун деярли ягона умиддир. Ахир, ҳеч биримиз, афсуски, жиддий касаллик ёки бахтсиз ҳодисалардан ҳимояланмаганмиз, бу ҳақда унутмаслигимиз керак.
     Дарҳақиқат, қон бу – ҳаёт, инсон тириклигининг асосидир. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Тиббиётда турли хил касалликлар, шунингдек, фавқулодда жароҳат олган инсонлар, айниқса, жажжи болажонлар кўп қон йўқотиши натижасида уларнинг ҳаёти қил устида бўлиб қолади. Бундай беморларни малакали мутахассислар жаҳон андозаларига мос тажрибалар асосида даволаш баробарида донорларнинг беминнат ёрдамларига ҳам таянадилар.


     Тиббиёт нуқтаи назаридан ҳам қон беришнинг организмга фойдаси исботланган бўлиб, донорлик қон алмашинишини таъминлаши ҳамда мунтазам равишда қон топширадиган инсонларда шамоллаш ва гриппга мойиллик кам кузатилади, саратон ва юрак-қон томир касалликларига камроқ чалинади. Донорлик инсоннинг руҳий ҳолатига ҳам фойдали таъсир кўрсатади.
     Эслатиб ўтамиз, донорлар 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, 55 килограммдан ошиқ вазнга, аёлларда гемоглобин даражаси 120, эркакларда эса 130 дан юқори бўлиши каби талабларга жавоб берадиган соғлом инсонлар бўлиши лозим. Шунга мувофиқ тарзда аёллар ҳар уч ойда, эркаклар икки ойда бир марта донорлик қилишлари мумкин ва бир неча маротаба тиббий ҳамда қон текширувидан ўтишлари лозим.
     Шундай экан, партия томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган хайрия акцияси давомида кўнгилли равишда қон топширадиган инсонларни кўплигини кўриб, хурсанд бўламиз. Айниқса, ўтказилаётган акциямиз орқали хайрли ишда халқимизнинг яна бир бор жипслашувини, бемор болажонлар учун кўмакка интилишларини кўриб халқимиз ҳеч бир халққа ўхшамайдиган меҳр мурувватли халқ эканлигига амин бўламиз.


     Мухтасар айтганда, соат 09:00 дан пойтахтимизда жойлашган Республика Қон қуйиш марказидан бошланган “Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик акцияси республикамизнинг барча ҳудудида кўтаринки руҳда, партия фаоллари, хайрихоҳлар ва кўнгилли юртдошларимиз фаоллиги остида ўтди.
     Дарҳақиқат, ҳеч бир бола меҳр ва эътибордан четда қолмаслиги лозим. Партия томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган мазкур акциядан кўзланган мақсад ҳам бемор болажонлар тезроқ соғайиб, тенгдошлари каби ҳаёт қувончларидан баҳра олиб юришсин, уларнинг ота-оналари умидсизликка тушмасин. Токи, юртимизда уларга ўз қони билан меҳр-муҳаббатини беришга тайёр инсонлар бисёр.
     Хулоса ўрнида, барча юртдошларимизни мазкур хайрли ишни янада кенг оммалаштириш, болаларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда жипслашишга чақириб қоламиз.
     Донор бўлишни хоҳлаган ҳар бир инсон нафақат 1-декабрь, балки йил давомида ҳам соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда донор сифатида қон топшириши мумкин. Унутманг! Сизнинг ташаббусингиз бемор инсонларнинг саломатлигини тиклашда, ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга.

“Адолат” СДП
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+