Бор меҳримиз сенга болажон!

30.07.2022 09:07:21

Ватанимиз Мустақиллигининг илк кунлариданоқ ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилганлиги бугун ўз самарасини бермоқда. Бугун юртимизда ёш авлоднинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Мазкур жараёнларда болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишидаги ишлар ўта муҳим аҳамият касб этади.

Хусусан, мамлакатимизда ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, таълим, соғлиқни сақлаш тизимида изчил ислоҳотлар кўлами тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳам ушбу ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган Республика «Меҳрибонлик уйлари» соғломлаштириш оромгоҳида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан партиянинг «Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт» лойиҳаси доирасида «Адолат – инсон қадри учун» мавзусида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир ҳам айни ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашиш мақсадида ўтказилди.

Мазкур тадбирда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент вилояти бош бошқармаси вакиллари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги партия депутатлари, Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги мутасаддилари, Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси ва жамоаси иштирок этишди.

Оромгоҳда ўтказилган тадбирда дам олувчи болалар, стол тенниси, камондан ўқ отиш, арқон тортиш мусобақалари каби беллашувларда куч синашиб, ғолиб бўлганлар ҳамда мутасадди ходимлар тадбир ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик сов­ғалари билан тақдирланишди. Оромгоҳда байрам дастурхони ташкил этилиб, болажонларга ош тортилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент вилояти бош бошқармаси оркестри ҳамда Нурафшон шаҳар маданият бўлими томонидан ташкиллаштирилган тадбирнинг бадиий қисмида ёш, иқтидорли хонандалар ижросидаги куй-қўшиқ ва рақс ансамблларининг чиқишлари болаларга кўтаринки кайфият бахш этди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+