"Бор меҳримиз сенга, болажон"

30.05.2024 17:05:44

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни дунё бўйлаб болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаровонлигини таъминлаш мақсадида нишонланади. Бу кун болаларнинг ҳуқуқлари, таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги муаммоларга диққат қаратиш учун ажойиб имкониятдир. Ўзбекистонда ҳам бу кун кенг нишонланади ва турли хил тадбирлар ўтказилади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳар йили 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акциясини ташкил этади. Бу акция болаларнинг саломатлигини сақлаш ва уларга қўшимча ёрдам кўрсатиш мақсадида амалга оширилади. Донорлик акцияси партиянинг инсонпарварлик ва ижтимоий адолат принципларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. Ҳар йили ўтказиладиган ушбу донорлик акцияси жамоатчилик томонидан илиқ қарши олинади. Турли ташкилотлар, муассасалар ва оддий фуқаролар ушбу акцияда фаол иштирок этишади. Жамоатчиликнинг бундай фаол иштироки донорлик ҳаракатининг аҳамиятини оширишга ёрдам беради ва кўплаб инсонларни бу хайрли ишга жалб қилади.

Юртимизда савобталаб инсонлар бениҳоят кўп. Буни айни исботини бугун Тошкент вилоят қон қўйиш марказида ҳам кўрдик. 1 Июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида “Мен донорман” акциясида иштирок этувчилар сафи кенгайиб кетди.
 “Адолат” социал демократик партияси ташаббуси билан ҳар йили ўтказиладиган ушбу акция Тошкент вилояти бўйича кенг қанот қоқди. Аввало партия фаоллари, депутатлар, корхона-ташкилотлар ишчи-ходимлари ва ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштирди.

– “Тошкент ИЭС ”АЖдан 25 нафар ишчи-ходимлар бажонидил бу акцияда иштирок этиш ниятини билдирдилар", - дейди станция касаба уюшма қўмитаси раиси Мунира Қосимова. Бемор фарзандларимиз, донорлик қонига муҳтож бўлганлар учун  беғараз қон топширдилар.

Шу куни Чирчиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмлардан, миллий гвардия, ички ишлар бўлимларидан  32 нафар донорлар ҳам бу савобли ишда иштирок этдилар.

- Орамизда шаҳар, республика, ҳатто жаҳон чемпиони бўлган спортчиларимиз бор, улар ҳам партиянгиз томонидан ташкил этилган акцияда бажонидил иштирок этишмоқда, –  дейди Чирчиқ Олимпия захираларини тайёрлаш коллежи директори Равшан Ғофуров. – Ниятимиз фарзандларимиз соғ-саломат бўлишсин, ҳеч дард кўришмасин. Мана шу ака-опаларидек чемпионлар сафида бўлишсин. “Бор меҳримиз сенга, болажон” донорлик акцияси орқали биз нафақат болаларнинг ҳаётини сақлаб қоламиз, балки бутун жамиятнинг саломатлигини сақлаш ва яхшилаш йўлида катта ҳисса қўшамиз.

Акцияда савоб талаблар қаторини Ўзбекистон физкультура ва жисмоний тарбия университети педагог ва талабалари ҳам тўлдиришди. Кун давомида университетнинг 15 нафар донорлари мазкур акцияда фаол иштирок этдилар.

Тадбир давомида “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова акцияда беғараз иштирок этган донорларга ташаккурнома эълон қилиб, эсдалик совғаларини топширди.


“Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
Матбуот хизмати
.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+