Бўш ғилоф ортидаги ажабтовур ўйинлар

28.07.2021 18:07:12

Ижтимоий тармоқларда триатлон бўйича Осиё чемпиони бўлган қизга ваъда қилинган телефон ўрнига бўш ғилоф берилгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Видеомурожаатда айтилишича, Феруза Элиева  5-6 июнь кунлари ўтказилган Марказий Осиё (САТА) кубогига қатнашган ва ўз ёш тоифасида 1-ўрин ва аёллар ўртасидаги баҳсларда умумий ҳисобда 5-ўринни  олган. Тақдирлаш маросими вақтида чемпионга телефон ўрнига унинг ғилофи совға қилинган, холос.

Воқеага аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Қашқадарё вилоят  кенгаши маъсул ходимлари И.Чўлиевнинг хонадонида бўлдик.
Ибодулла Чўлиевнинг айтишича, Осиё чемпионатига ғолиб бўлган спортчилар Ўзбекистон терма жамоасига рўйхатга олиниб, махсус сертификат берилади. Феруза Элиева  эса ушбу рўйхатга киритилмаган.
– Нега фахрли биринчи ўринни олган спортчи рўйхатдан тушиб қолади? Бу маҳаллий чемпионат эмас-ку. Осиё чемпионатини бошқа давлатлар ҳам кузатиб туришади, – дейди И.Чўлиев. – Видеомурожаатдаги телефон ғилофига келадиган бўлсак, бу гапни шунчаки қўшимча сифатида гапириб ўтганман. Мурожаатимни йўллаган блогер мени тушунмаганиданми ёки ғараз нияти бўлганми, бошқача талқин қилиб мурожаатимни фақат шу ғилофга йўналтирган. Ҳолбуки, менинг шикоятим умуман бошқача.

И.Чўлиев Қашқадарё вилоят спорт бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги масъулларидан  ҳам норозилигини билдирди. Чунки спорт мусобақаларини ташкиллаштириш спортчиларнинг моддий-техник базаси билан таъминлаш масалалари, спортчиларнинг мусобақаларга қатнашишини тўғри ташкил қилиш ва уларни муносиб тақдирлаш масаласи умуман қониқарли даражада эмас. Жумладан,  ушбу мусобақага мураббий билан бирга 8 нафар спортчи велосипедлари билан биргаликда 1 та “DAMAS” ва 1 та “NEXIA 3” автомобилида Қашқадарёдан Тошкентга юборилган, устига-устак мусобоқа 5  июнь куни бошланадиган бўлса, спортчилар 4 июнь куни кечки пайтда Қаршидан йўлга чиқишган, табиийки, спортчилар мусобақага кечикиб боришган. Мусобақадан олдинги брифингга қашқадарёлик спортчилар қатнаша олишмаган. Йўл чарчоғи таъсирида мусобақада иштирок этишган.  Шундай бўлса-да, 5 иштирокчидан 4 нафари ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган.

– Осиё мусобақасидан 4 та медаль билан қайтган спортчилар муносиб кутиб олинмади.  15 июнь куни эса Қашқадарё вилоят ҳокимлиги томонидан Ёшлар форуми ташкил қилинди. Бу форумга кўплаб спортчилар, иқтидорли ёшлар, ҳаттоки номдор бўлмаган блогерлар хам таклиф қилинди, муносиб тақдирлаб, 5 миллион сўмдан 30 миллион сўмгача пул мукофотлари берилди. Осиё мусобақасида фахрли биринчи ўринни олган қизимни эслашмади ҳам. Кимни айблашингни ҳам билмайсан киши.  Ташкилотчиларнинг  ёдидан кўтарилганми ёки Қашқадарё вилоят спорт бошқармаси томонидан тафсия берилмаганми, уёғи менга қоронғу, – дейди  И.Чўлиев.
Давлатни спортчалик дунёга танитадиган соҳа йўқ. Қачонки биз иқтидорли ёшларнинг меҳнатини муносиб баҳолаб, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак бермас эканмиз, кўплаб ёшларимизнинг иқтидори сўнади. Натижада айрим спорт турлари ривожланишига умид қилмасак ҳам бўлади. “Триатлон” спорт тури ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу спорт тури уч босқичдан иборат бўлиб, узоқ масофага сузиш, маълум масофани велосипедда босиб ўтиш ва охирида  узоқ масофага югуриб маррага етиб келишдир. Бундай оғир спорт турида ғолиб бўлиш олиш спортчидан матонат ва маҳорат талаб этади. Кўплаб спортчилар оёқлари томир тортишиб ёки турли жароҳатлар туфайли мусобақани тарк этишади.

Хуллас, биз мутасадди ташкилотлардан ҳар бир иқтидорли ёшларимизни тақдирлашга муносиб эътибор беришларини сўраб қоламиз. Ўзбекистон “Адолат” СДП бу масалани албатта назоратига олади.                

   Нодир ИСОМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши  ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+