Бош Қомусимиз ранглар жилосида

07.11.2022 11:11:32

Ўзбекистон «Адолат» СДП ташаббуси Ўзбекистон Бадиий академияси, Маданият вазирлиги, Миллий банк ҳамкорлигида «Конституция ранглар жилосида» республика кўрик-танлови ўтказилмоқда. Мазкур кўрик танловни юқори савияда ташкил этиш, ҳар бир ёшнинг қалбига Бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятини синдириш йўлида партиянинг Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан ҳам изчиллик билан ишлар олиб борилиб, тадбирлар ташкил этилмоқда.

 Ҳамкор ташкилотларнинг масъулларидан иборат республика ишчи ишчи гуруҳи аъзолари Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, танловга тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишди.

Самарқанд вилоятига ташриф буюрган ишчи гуруҳи аъзолари дастлаб Самарқанд вилоят «Баркамол авлод» болалар мактаби залида она Ватанимизнинг озод ва ободлиги, ҳар бир фуқаронинг бугуни, эртаси ва узоқ истиқболини кафолатловчи ҳужжат - Бош қомусимиз «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтиш»нинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилишини болалар ижодида акс эттириш, шу орқали Конституцияда инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати энг олий қадрият деб белгилаб қўйилганлиги ва у инсон манфаатлари учун хизмат қилишини ёшлар онгига сингдириш, халқимизнинг асрий орзулари, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ва кам бўлмайдиган озод ва обод Ватан равнақи тамойиллари, юртимиз фуқароларининг бурч, ҳуқуқ ва манфаатларини ўзида мужассам этган Конституциямизни кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган ушбу танловнинг вилоят босқичига ҳозирлик жараёнларини кўздан кечириш мақсадида ташриф буюрган республика ишчи гуруҳи ижодкор ёшларнинг ижод намуналари билан танишиб, уларга ўзларининг тавсияларини беришди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси, вилоят маданият бошқармаси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят «Баркамол авлод» болалар мактаби, партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари, ижодкор ёшлар, мусиқа ва санъат мактабининг ижодкор ёшлари иштирок этган тадбирни кириш сўзи билан партия Сиёсий кенгаши мафкуравий ишлар бўйича бўлим бошлиғи Шаҳноза Очилова очиб берар экан танловнинг мақсад, вазифалари хусусида иштирокчиларга батафсил маълумотлар бериб ўтди. Танлов низомига кўра тайёрланаётган ижодий ишлар мазмуни бўйича ёшларни ватанпарварликка ундаши, уларнинг қалбида Ватанга садоқат, миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаши, Конституциянинг муқаддимаси ва 128 та моддасидан бирини мазмунини тўғри ёритиб берилиши орқали баркамол шахс этиб тарбияланишига, билим даражасини ва дунё қарашини оширилишига йўналтирилган бўлиши лозимлигини қайд этди.

Шаҳноза Очилова, партия Сиёсий Кенгаши мафкуравий ишлар бўлими бошлиғи - Барчамизнинг ҳаётимизда ўзимиз учун қадрли, соғиниб кутадиган кунлар воқеалар бўлади. Лекин шундай кунлар ҳам бўладики, мазкур кунда барчанинг қувончи, воқеалар ҳаяжони муштарак бўлиб, ўзининг аҳамияти, тааллуқлилиги жиҳатидан бутун бир миллатни бирлаштиради. Мана шундай кунлардан бири бу-Конституциямиз қабул қилинган кун! Чунки, Асосий Қонун қабул қилинган кун Мустақил Ўзбекистон тараққиётида беқиёс сиёсий, ҳуқуқий ва халқаро аҳамиятга молик тарихий кун бўлиб қолди. Ана шу сана муносабати билан ташкил этилган ушбу танловда гувоҳи бўляпмизки, ижодкор ёшларнинг ишланмалари, чизган расмлари ҳар бири ўзига хос. Уларда Бош Қонунимиз юртимиздаги тинчлик, фаровон ҳаёт ва инсон қадрининг кафолати экани ўз аксини топган. Таълим ва тиббиёт, ҳуқуқ ва эркинликларимиз алоҳида рангларда тасвирланган. Бундан сезиш мумкинки келажагимиз эгалари Конституциямизни пухта ўрганиб бормоқда.

Шунингдек, тадбирда сўз олган партия Марказий аппарати мафкуравий ишлар бошқармаси бош мутахассиси Э.Комилов, партия вилоят Кенгаши раиси М.Бабабекова, Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими, вилоят Маданият бошқармаси масъуллари ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат фазилатларини шакллантириш, Давлат рамзларининг миллий давлатчилигимиз тарихи, бугунги мустақил тараққиётимизда тутган ўрни ва қадр-қимматини юксалтириш, ёшларнинг ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тушунча ва билим-кўникмаларини янада юксалтириш, уларни барча соҳаларда ўз истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариши учун беқиёс имкониятлар эшиги очиқлиги, бундан оқилона фойдаланиш лозимлиги борасида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Муҳиба Бабабекова, партиянинг Самарқанд вилоят Кенгаши раиси - «Конституция ранглар жилосида» республика кўрик-танловига тайёргарлик жараёнларига жойларда иштирок этиб келмоқдамиз. Қувонарлиси кўриниб турибдики, келажагимиз эртаси ёшларнинг Асосий қонунимиз мазмун-моҳиятидан жуда яхши хабардор экани, улар ҳар Бош қомусимизнинг ҳар битта моддаси ҳақида жуда чиройли тарзда расмлар чизиш билан биргаликда, содда ва мазмунли тарзда уларни шарҳлаб ҳам бераётгани кишига завқ бағишлайди. Энг муҳими, навқирон авлод вакилларининг ҳуқуқий билимларини ошириш ва бу борадаги кўникмаларини ривожлантириш истаги кучли экани яққол намоён бўлмоқда.

Тадбирга вилоят «Баркамол авлод» болалар мактабининг иқтидорли ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна намойишлари ўзгача кўрк бағишлади.

Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ аъзоларининг навбатдаги манзили Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаб интернати бўлди. Мактаб фойеси ижодкорона руҳда безатилган бўлиб, ижодкор ёшларнинг асарлари, турли ҳунармандчилик ишланмалари ташриф буюрган кишига кўтаринки кайфият улашади. Мактабда таҳсил олувчи санъатсевар ёшлар томонидан Бош қомусимизнинг 128 та моддасини ёритиб бериш мақсадида катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ўқуви ёшларнинг ранглар жилосидан усталик билан фойдаланиши, Конституциянинг моддама-модда мазмунига мос келадиган тасаввурларини расм орқали ифода этиши ишчи гуруҳ аъзоларини ҳам мафтун этганини уларнинг юз-кўзларидаги мамнунлик ифодасидан англаш мумкин.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан танловнинг мақсад ва вазифалари баён этилиб, танлов низомида келтирилган бандлар асосида ижодий ишлар қабул қилинишини иштирокчиларга яна бир бор эслатиб ўтди.

Шундан сўнг партиянинг «Истеъдод клуби» аъзолари томонидан тайёрланган ватан, она, дўстлик, садоқат мавзуларини мадҳ этувчи куй-қўшиқлари ва саҳна кўринишлари тадбир иштирокчиларига намойиш этилди. Айниқса турли миллат ва элат вакилларининг урф-одатлари, анъаналари, кийиниш маданиятига бағишланган намойишлар иштирокчиларга катта завқ бағишлади. Тадбирда фаол иштирок этган партия фаол ёшлари эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Лола Сайидова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+