“Бошпанаси бўлмаган одам рози бўлиши қийин”

28.03.2021 09:03:00

Ушбу ҳаётий ҳақиқатни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг навбатдаги видеоселектор йиғилишида маълум қилди. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жорий йилда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш асосий мавзу бўлган мазкур йиғилишда ажратилган маблағлар миқдори ҳам очиқланди. Яъни ушбу дастурлари ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш учун 31.5 триллион сўм маблағ ажратилиши ҳақида сўз борди.

-Жуда оғир инқироз йилидан чиққанимизга қарамай бугунги масалалар учун 31.5 триллион сўм ёки 3 млрд 50 млн доллар пул ажратаяпмиз. Лекин мақсад бу пулни шунчаки тарқатиб юбориш эмас, мақсадли сарфлаш зарур. Энг муҳими – бу маблағни ташқи қарзимизни оширмаган ҳолда ажратяпмиз, - дея маълумот берди Президент ўз сўзида.

Ушбу видеоселектор йиғилишни кузата туриб ажратилган ушбу маблағнинг сарфланишида шаффофликни таъминлаш муҳим вазифа эканлигини тушуниб етдик. Бу вазифани бажариш эса маҳаллий Кенгашлар зиммасига юклатилди. Бу дегани қайси қишлоқ ёки маҳалланинг ободонлаштирилиши бевосита маҳаллий Кенгашлар томонидан белгиланади. Чунки депутатлар ҳудудлардаги муаммоларни қандай ва қанча маблағ эвазига ҳал этишни ўрганади ва билади. Натижада шаффофлик тизими шаклланади. Демак жамоатчилик назорати ҳам ўрнатилади. Энг муҳими ҳоким ўринбосарлари ҳар ой ва ҳар чорак якуни бўйича ажратилган маблағлар сарфланиши ҳақида ҳисобот бериши билан боғлиқ механизмни юзага келтириб чиқарди. Бу механизмнинг амалиёти сари илк қадам вилоятимиз маркази бўлган Гулистон шаҳридан бошланди. Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига шаҳардаги «Обод маҳалла» дастури доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамаси ўрин олди.

Масалан «Янги ҳаёт» ва «Улуғ йўл» маҳаллаларида янги қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш борасидаги таклифлар депутатлар томонидан берилди. Шунингдек, сессиянинг қарор қисмидан дастурлар доирасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан мунтазам равишда депутатлик назоратини ўрнатиб бориш ҳамда навбатдаги сессияларга ахборот киритиб бориш вазифалари ўрин олди. Демак, халқни рози қилиш асосий мақсади бўлган мазкур дастурлар ижроси ва у билан боғлиқ таклифларни асосли беришда биз депутатлардан фаоллик талаб қилинади. Президентимиз таъбири билан айтганда эса «Бошпанаси бўлмаган одам рози бўлиши қийин».

 

Носиржон ЭГАМБЕРДИЕВ,

Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+