Бошқа байроқ керак эмас...

18.11.2019 19:11:17

Эрталаб оила аъзоларимиз ишга, ўқишга шошиб турган бир вақтда, 4 ёшли қизим йиғлаганча боғчага боришни хохламаслигини айтди. Ҳайрон бўлганча сабабини сурадим.

-Укам Ўзбекистон байроғини йиртиб қўйди. – дейди ҳиққилаганча.

Аввалига ҳайрон бўлдим гап нимадалигини англай олмай. Қўлига қарасам мамлакатимиз байроғи расмини чизган қоғозини бир четидан озроқ йиртилган. Қизимни аврашга тушдим.

-Хафа бўлма қизим, бугун ишдан келсам, яна биргаликда байроғимиз расмини чизамиз.

-Бошқа байроқ керак эмас. Дадам “Байроғимиз азиз. Унга чизиш, йиртиш, оёқ билан босиш мумкин эмас” деган. Шуни тўғирлаб беринг, мен деворга осиб қўяман.

Қизим билан расмни йиртилган жойига қоғоз ёпиштириб, тўғирладик. Уни хонамиз деворига илиб, кўчага отландик. Жажжи ватанпарвар қизимнинг гапларидан кўнглим тўлқинланиб ишхонамга яқинлашиб қолибман. Шу пайтда шаҳримиз кўчаларида бир гуруҳ Ўзбекистон Миллий гвардиясининг отлиқ ходимлари Ватанамиз байроғини тутган ҳолда кўргазмали юришларини ташкил этиб, шаҳар аҳлини ва меҳмонларини Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан Кўксарой майдонида ташкил этилган байрам тантаналарига чорлади.

Жараённинг гувоҳи бўлар эканман кўнглим ғурурга тўлди.  Тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсоли бўлган давлатимиз байроғининг муқаддаслигини, давлатимиз рамзлари бизларга юрт манфаати, ватан тараққиёти ҳар недан устунлигини англатиб туришини фарзандларимизга, келажак авлодга болалигидан сингдириб бориш лозимлигини англадим.

Чунки, токи байроқ бор экан миллат бор, давлат бор, она ватанимиз – Ўзбекистонимиз бор. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик. Барчангизга байрам муборак!

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+