Яна шифокор калтакланди. Бу қачонгача давом этади?

16.07.2021 18:07:42

Айни пайтда ижтимоий тармоқлар орқали Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида шифокор калтаклангани айтилаётган хабар тарқалди. Биз адолатчилар учун электоратимиз вакиллари бўлган шифокорларнинг бундай калтакланиши ачинарли ҳолат.

Ҳайрон қоласан киши, инсонлар соғлигини ва ҳаётини сақлашдек оғир, ўта масъулиятли ишга бел боғлаб, ҳатто ярим тунлари ҳам ҳаловатидан кечиб, тиббий ёрдам кўрсатишга чоғланган фидойи касб эгаларига нисбатан бундай тажовузкорона муносабатда бўлиш адолатданми? Бирор жойимиз оғриса оқ халатли фидойилардан “илтимос, ёрдам қилинг” деганча дардимизга даво топишини сўраб ёлворамиз. Ўзи ойлик маоши ҳам “отнинг калласидек” бўлмасада фаолият юритиб келаётган шифокорларга бундай тажовуз қилинаверса, ким ҳам шифокор бўлишни истайди?

Хорижий тажрибаларга кўра Америка Қўшма Штатларининг деярли барча штатлари қонунларида фельдшерлар, ҳамширалар ва шифокорларга ҳужум қилганлик учун 25 йилгача қамоқ жазосини белгиловчи нормалар мавжуд. Россия Федерациясининг Жиноят кодексида тиббиёт ходимларининг соғлиғига зарар етказиш ҳолати учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Бунда жабрланган шифокорлар ҳам, ҳодиса гувоҳи бўлган фуқаролар ҳам маъмурий ёки жиноий иш қўзғатиш ташаббуси билан чиқишлари мумкин.

Биздачи? Бу ҳолат қачонгача давом этади? Иссиқ жоннинг иши тушиши мумкин бўлган шифокорларни турли хавф-хатар ва тажовузлардан ҳимоя қилиш, уларга қилинган тажовуз, калтаклаш, таҳқирлаш учун қатъий ва қаттиқ жазо чоралари кўриш пайти келмадимикан?

Ҳодиса юзасидан тегишли мутасаддилар эътибор қаратиб, ҳуқуқ–тартибот идоралари томонидан адолатли қарор чиқарилишини кутамиз!

Воқеа юзасидан батафсил маълумотларни, эртанги ўрганишларимиз натижасида баён этамиз. Бизни кузатишни давом этинг!

Ўзбекитсон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+