Бу ичимлик сувини ичса бўладими?

17.06.2021 18:06:36

Ўзбекистон "Адолат" СДП Сирдарё вилоят Гулистон туман Кенгаши томонидан ўтказилган “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида тузилган ишчи гуруҳи туманининг “Мустақиллик” маҳалласи аҳолисидан тушган мурожаатни ўрганиш орқали бу саволга жавоб олишга киришди. Уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган маҳалла аҳолисини ўйлантираётган масала эса ичимлик сувининг яроқсизлиги билан боғлиқ. Шунингдек, маҳалланинг “Кўклам” кўчасида жойлашган тик қудуқ мавжуд эмас. Яъни, маҳалла ҳудудини қамраб олган ичимлик суви қувурларига сув тик қудуқсиз боради.

Маҳаллага 2019 йилда ўрнатилган янги тик қудуқ эса тўрт ойгина ишлаган холос. Ҳозирда таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Партиянинг туман Кенгаши раиси Ёқубжон Миртожиев бошчилигидаги ишчи гуруҳи дастлаб ўрганишга киришди, аҳоли билан суҳбатлашди. Ушбу муаммо ечимига масъул бўлган “Сирдарё сув таъминот” МЧЖнинг мутахассислари ҳам ҳудудга таклиф этилиб, вазият ўрганилди. Ишчи гуруҳининг “Баҳор” кўчасига ташрифи чоғида эса аҳоли хонадонларида сақланаётган сув идишларидаги чўкиб қолган чиқиндилар вазиятга баҳони бергандек бўлди. Аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган бу кўриниш ичимлик сувининг яроқли ёки яроқсиз эканлигини хулосаловчи мутахассиснинг изоҳини талаб қилади.

Лекин бор маъсулиятни зиммасига олган “Сирдарё сув таъминот” МЧЖ вакиллари сувнинг бундай холатга келишига сув қувурларининг таъмири билан боғлиқ эканлигини ва тез кунда амалий натижа бўлишига ваъда берди. Шу боис партиянинг туман Кенгаши раиси ушбу масалага ечим топилиши билан боғлиқ жараёнларни ўз назоратига олди. Аслида ҳеч бир мурожаат бесабаб юзага келмайди. Энг муҳими унга ўз вақтида жавоб берилса бўлгани.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+