Бугун бундан долзарб масала йўқ

03.03.2021 21:03:34

Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят ва шаҳар Кенгаши томонидан Қарши шаҳридаги юридик техникуми тадбиргоҳида  “Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз” мавзуида тадбир ташкил этилди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, Ёшлар Иттифоқи ва маҳаллалар аъзолари, ўқитувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Дарвоқе, мазкур тадбир маърузабозликдан ҳоли, мунозара тарзида ўтди, савол-жавобларга бой бўлди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак-да. Очиқ эътироф этайлик, коррупция бугун барча соҳада учраяпти. Республикамизда муҳтарам Президентимиз бошчилигида муайян ишлар амалга  оширилаяпти. Коррупцияни таг-томири билан йўқотиш учун  қонунлар, Президент қарори қабул қилинди. Эндиги ҳамма гап ана шу ҳаётимизга, тараққиётимизга раҳна солаётган  иллатни аҳоли ва ёшлар онгига тўғри сингдиришдан иборат.

-Партиямиз Сайловолди дастурида ҳам коррупциянинг олди олинмаса, жамиятга катта зарар етказиши  алоҳида қайд этилган,-деди тадбирда адвокат, партия фаоли  Норсафар Норматов.-Ҳозир юртимизда коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан ишлар олиб борилаяпти.Бироқ, тарғиботни янада кучайтириш, кенг жамоатчилик вакилларини бу ишга жалб этиш пайти келди.

-Тадбирда вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Икром Шодиев  коррупциянинг турли кўринишлари, Ўзбекистонда унга қарши кураш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг биргаликдаги фаолияти  яхши самара бериши ҳақида тўхталди.

-Биз бугун МФЙ аъзолари, олий таълим, умумтаълим муассасаларида таҳсил олаётган ўғил-қизлар онгига коррупциянинг жирканч иллат эканлигини чуқур сингдиришимиз керак,-деди партия вилоят Кенгаши бош мутахассиси, ҳуқуқшунос  Дилрабо Чориева.-Аммо  уюшмаган  ёшлар билан ишлаш бироз қийин кечаётган эди. Биз улар ўртасида ҳам коррупцияга қарши нафрат  туйғуларини уйғотишнинг қулай йўлларини топаяпмиз. Бунда бизга Ёшлар Иттифоқи ва маҳаллалар фаоллари кўмакчи бўлишаяпти. Ҳозиргача 1300 нафардан ортиқ уюшмаган ёшлар ўртасида коррупциянинг турли йўналишларида  тадбирлар ўтказдик.

Тадбирда “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли Паҳлавон Норбоев, партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов, ҳуқуқшунос Абдураҳмат Кенгбоевлар ҳам коррупция мавзуси бугун ва эртага ҳам долзарблигини йўқотмаслиги, шу тафайли ҳам халқимизнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтириш ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Иштирокчилар коррупция исканжасига тушиб қолмасликлари учун огоҳликка чақирилди, мушоҳада юритишга  ундалди.

Умуман, тадбирда коррупцияга йўл  қўйган  ҳар бир фуқаро  халқи, ватани  келажагига хиёнат  қилиши каби жиноятга қўл ураётгани аниқ мисоллар ёрдамида айтиб ўтилди.

                                                           Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+