Бугунги инсонпарвар сиёсат-янги Конституцияда ўз ифодасини топиши зарур

22.06.2022 11:06:49

Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясини бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш, юртдошларимизнинг бу борадаги хоҳиш ва истакларини амалга ошириш учун Олий Мажлис палаталари томонидан  Конституциявий комиссия тузилиб фаолият бошлади. Қисқа даврда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Албатта конституциявий ислоҳотлар, Ватан тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир. Шу муносабат билан 20 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бош Қомусимизга ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан сўзлаган нутқи биз ёшларни ғоят руҳлантириб юборди.

Маълумки, ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун муносиб яшаш шароитлари яратиб беради, ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди. Шу боис бу йўналишда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, оиланинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, болаларнинг манфаатлари ва тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, инсон саломатлиги ва экологияни асрашга оид таклифлар билдирилди. Маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари – қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши кераклиги таъкидланди  

Давлатимиз раҳбари янги Конституцияга бир қатор таклифлар киритар экан, бошқа мавзулар қаторида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини конституциявий даражада акс эттиришга алоҳида эътибор қаратиб, давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаб қўйиш кераклигига урғу берди.

Давлатимиз раҳбари томонидан Бош қомусимизда давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериши билан боғлиқ нормалар ҳам бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Бу ҳам ёш тадбиркорларимиз олдидаги қатор тўсиқларни олиб ташлашга, уларга енгиллик ва қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъий назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаб қўйилиши лозимлиги хусусида таъкидланиб ўтилди.

Кейинги пайтда халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга катта аҳамият бераётганимиз барчага яхши маълум. Бу борада   Давлатимиз раҳбари сиёсатимизни конституциявий асосда мустаҳкамлаш мақсадида Асосий қонунимизга “Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида маънавий ва ахлоқий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароитларни яратиши хусусидаги қоидани киритишни таклиф қилди.

Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонда янги жамият барпо этиш –бугун бош мақсадимиз, асосий мезондир. Унда албатта, инсон қадрини улуғлаш устувор этиб белгиланган. Ва бу борада амалий ҳаракатлар кўлами тобора кенгайтирилмоқда. Амалга оширилаётган бу каби ўзгаришлар ўз навбатида Халқимизнинг дунёқараши, ҳаётий интилишларини ҳам ўзгартирмоқда, ҳудудларга янги қиёфа бағишламоқда. Иқтисодиёт ривожи, тадбиркорлик фаолиятида акс этмоқда. Бугунги жадал ислоҳотлар Ўзбекистоннинг Халқаро ҳамжамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва янада юксалтиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Умуман, бугунги туб янгиланишларга рағбат, олиб борилаётган умумбашарий қадриятларга асосланган инсонпарвар сиёсат мамлакатимизнинг бош Қомуси-Конституцияда ўз ифодасини топиши зарур. Бу давр талаби, халқимиз истагидир.

Сардор Очилов,

Ёшлар Парламенти аъзоси,

Партия Сурхондарё вилоят “Ёш адолатчилар қаноти” Кенгаши раиси

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+