Бугунги кунимдан кўнглим тўлди

29.04.2021 16:04:34

Бугун Чоршанба. Иш тизимимиз бўйича бугун “Адолат қонун устиворлигида” лойиҳаси доирасида маҳаллабай, фуқаробай ишлашимиз керак. Шу мақсадда режа асосида халқ депутатлари Нуробод туман Кенгаши депутати Гавҳар Исаева, Баҳриддин Қиличев ҳамроҳлигида тумандаги “Араб ота” маҳалла фуқаролари йиғинига йўл олдик, аҳолининг мурожаатларини тинглаб, фикр-мулоҳазаларини ўргандик.

Бугун мамлакатимизда аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш, даромадларини ошириш мақсадида яратиб берилган имкониятлардан кенг кўламда фойдаланиш зарур. Шу мақсадда, кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредитлар олиб паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, иссиқхоналар барпо этиш орқали қўшимча даромадларга эга бўлиш йўллари бўйича  тушунтириш ва тарғибот  ишларини олиб бордик.

Маҳалла фаоллари депутатлар ташрифидан фойдаланиб муборак рамазон ойида савобли ишга бош қўшишларини “Аработа” МФЙда яшовчи қўшнилар Ҳ.Кенжаев ҳамда Ж.Эштулаевларнинг узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган келишмовчиликларини тугатиб, яраштириш ишларига кўмаклашишларини сўради. Иккала хонадон соҳиблари ҳам чақиртирилиб маҳалла фаоллари, оқсақоллар, депутатлар ҳамда профилактика нозирлари иштирокида тушунтириш – тарғибот ишлари олиб борди. Қўшнилар яраштирилди.

Шунингдек, “Араб ота” МФЙда яшовчи фуқаро ёлғиз боқувчи, икки нафар фарзанднинг онаси Малоҳат Кучимованинг саратон касаллигига чалинганлиги, амалий ёрдам зарурлиги борасида мурожаат кўтарилди. Депутат Гавҳар Исаева ташаббуси билан ижтимоий тармоқларда “Малоҳатга Оллоҳ йўлида ёрдам қилинг” шиори остида саховат кўмаги  ташкил этиш учун телеграм канали очилди.

Фуқаро М.Кучимованинг турмуш ўртоғи вафот этганлиги,  турар жойи ҳам таъмирталаблигини эътиборга олиб ҳомийлик кўмаги асосида амалий ёрдам кўрсатишга келишиб олинди. Ушбу савобли ишга маҳаллада яшовчи тадбиркорлар жалб этиладиган бўлди. Кимдир ўз ҳисобидан замонавий эшик ва дераза ўрнатишни зиммасига олса, кимдир таъмирлашга кўмаклашишини, устачилик қўлидан келишини маълум қилди.  

Маҳаллабай учрашувлар якунида “Араб ота” маҳалласида яшовчи 4 нафар кам таъминланган фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳомийлар кўмагида етказилди.

Учрашувдан қайтар эканмиз ҳар биримизнинг кайфиятимиз кўтаринки эди. Чунки, бугунги ўтган кунимиз бесамар кетмади.

 

Нодира Ботирова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Нуробод туман кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+