Бугуни ва эртасидан кўнгли тўқ киши фидокорона меҳнат қилади

19.04.2021 13:04:23

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида Самарқанд вилояти фаоллари, соҳалар раҳбарлари билан ўтказилаётган йиғилишда иштирок этиб, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун амалга оширилаётган ишлар, вилоятни ҳар соҳада жадал ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини юксалтириш борасида берилаётган топшириқлар, белгиланаётган устувор вазифаларни тинглар эканман, шу замин фарзанди эканлигимдан ғурурландим. Боиси,  дунё давлатларида коронавирус сабабли жиддий муаммолар ҳамон сақланиб қолаётганига қарамасдан, мамлакатимизда барқарор ривожланиш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, юрт фаровонлигини таъминлаш, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимиз раҳнамолигида инсон манфаатлари ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятимизнинг барча соҳаларини модернизация қилиш, техник ва технологик такомиллаштириш, банк тизими барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Узоқни кўзлаб олиб борилаётган бундай эзгу ишлар жамият ҳаёти ва ҳалқимиз фаровонлигини янада юксалтириш, мамлакатимизнинг жаҳон  миқёсидаги обрў-эътиборини оширишга хизмат қилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Йиғилиш давомида давлатимиз раҳбари туман, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари структурасида Маҳаллабай ишлаш маркази ташкил этилиши, ушбу марказ томонидан ҳар учта маҳаллага биттадан инспектор бириктирилиши, инспекторлар маҳалла раисининг тадбиркорлик ва томорқа бўйича ўринбосари билан ёнма-ён туриб, кечаю-кундуз ишлашини таъкидлади.  Улар бюджетдан ойлик олиб, маҳаллада иш жойи ташкил этиш билан доимий равишда шуғулланиши, бу “Самарқанд тажрибаси” бўлишини алоҳида қайд этди.

Самарқанд шаҳар аҳолисини уй-жой билан таъминлаш ишларини давом эттириб, шаҳарнинг Қорасув, Ширин ва вокзал орти ҳудудларида “реновация” тамойили асосида замонавий турар-жойлар барпо этилилиш, хусусан, жорий йилда Қорасув массивида 3 минг 500 та хонадонли 29 та 16 ва 25 қаватли уйлар фойдаланишга топширилишини айтиб ўтди. Шунингдек, 3 мингга яқин эски ҳовлилар ўрнида, 100 мингдан ортиқ аҳоли учун кўп қаватли замонавий уйлар қурилиши, Ширин массивида 90 минг нафар аҳолига мўлжалланган шаҳарчани барпо этиш орқали дам олиш масканларини қуриб аҳолига фойдаланиш учун топширилишини бунинг учун вилоят ҳокимлигига 2 йил муддатга 200 миллиард сўм ссуда маблағларини ажратилишини маълум қилди.

Йиғилишда халқни рози қилиш, “маҳаллабай” ишлаш тизиминг моҳияти, бу борада натижага эришиш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида қатор фикрлар билдирилди.  Туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари эндиликда ўзларининг иш тизимини тубдан ўзгартириши зарурлигини, улар эллик фоиз вақтини фақат “маҳаллабай” пиёда юриб, аҳолининг даромадини сўраши, масаласини ўрганиши кераклигини, энди ишхонадан чиқмай, ўтириб ишлаш даври ўтганини яна бир бор алоҳида таъкидлади.

Бу шунчаки, ўз-ўзидан бўладиган ислоҳатлар, рақамлар эмас. Бугунги кунда ҳар қандай ўсиш, фаровонлик сари қўйилаётган ҳар бир қадам – мамлакат ҳаётини модернизация қилишнинг пухта режаси мавжудлиги ва кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг изчиллик билан амалга оширилаётгани далолатидир. Мана шу ютуқлар моҳиятини одамларга содда тарзда тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш зарур, деб ўйлайман.

Инсон манфаатлари, халқимизнинг розилиги  йўлида олиб борилаётган бундай оқилона сиёсат халқимизни янги марралар сари ундаши аниқ, албатта. Зеро, бугунги кунидан хурсанд, эртанги истиқболига мустаҳкам ишонч, кўнгли тўқ кишигина фидокорона меҳнат қилади, ишга самимий муносабатда бўлади.

Гулбека ҚУЧҚОРОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+