Бухоро вилояти конституция билимдони аниқланди

23.11.2021 10:11:45

8 декабр мамлакатимизда Конституция байрами кенг нишонланадиган кун, бу йил Конституциямиз қабул қилинганига 29 йил тўлади. Тараққиётнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берган ушбу ҳужжатга бағишланган тадбирлар партиямиз томонидан ҳар йили анъанавий тарзда кўтаринки кайфиятда ўтказилиб келинмоқда.

Шу жумладан, ёшларнинг сиёсий билимлари ҳамда ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, билимли ҳамда қобилиятли ёшларни аниқлаш мақсадида “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бухоро академик лицейи фаоллар залида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Конституция билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.

Кўрик-танловда вилоятнинг шаҳар ва туман босқичларида биринчиликни қўлга киритган ўқувчилар қатнашдилар.

Тадбирни партия Вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов кириш сўзи билан очиб, яқинлашиб келаётган конституция байрами билан барчани табриклади. Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини англаш, унинг аҳамиятини тушуниш ҳар бир инсон учун ниҳоятда муҳимлиги таъкидланди. “Кўрик-танлов ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, уларда Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди”, - дейди Мақсуд Ҳамидов, шундан сўнг барча иштирокчи ўқувчиларга омадлар тилаб, тадбирни очиқ деб эълон қилди.

Танлов белгиланган низом асосида 3-босқичда ташкил этилди. Бўлиб ўтган танловда 1-шарт таништирув шарти, 2 - шарт – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини билиш даражаси ва “Сиёсий партиялар” тўғрисида савол-жавоб, 3 – шарт – эркин мавзу деб номланиб,  бу шартда иштирокчи томонидан “Адолат” социал-демократик партияси  менинг тасаввуримда” мавзусида ижодий иш тайёрлаш каби йўналишлар асосида ўқувчилар ўзаро беллашдилар. Қолаверса, тадбирда иштирокчи ўқувчиларнинг саҳна маданияти, нотиқлик маҳорати ҳамда ижодий қобилиятлари ҳам аълоҳида эътиборга олинди.

Тадбирда ҳакамлар ҳайъати ўқувчиларнинг чиқишларини очиқ, ошкора овоз бериш йўли билан одилона баҳолаб бордилар.

Партия томонидан ўтказилган кўрик-танлов жараёнлари юқори савияда ташкил этилиб, қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Иштирокчилар чиқишларини якунлагандан сўнг ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилиб, тадбир сўнгида хулоса ва изоҳлар берилди.

Қизғин музокаралардан сўнг натижага кўра, 3-ўринни Шофиркон туман 6-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Мафтуна Зарипова, 2-ўринни Ромитан туман 27-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувиси Барчиной Ойбековалар эгалладилар. Энг юқори кўрсаткични ИИВ Бухоро академик лицейи ўқувчиси Тофиқбек Акрамов биринчиликни олиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндорларга партиянинг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бухоро академик лицейи ўқувчиси Тофиқбек Акрамов:

“Ман шу каби кўрик-танловлар ташкил этилиши биз ўқувчиларни жуда руҳлантиради, бизларни ўқишга, билим олишга бўлган иштиёқимизни янада кучайтиради, бугунги “Адолат” партияси Бухоро вилояти Кенгаши томонидан ўтказилган танловда ҳам биз ўқувчилар янада кенгроқ билимга эга бўлишга эришдик, тенгдошларимиз билан фикрлар алмашдик ҳамда ўз устимизда янада кўпроқ ишлашимизга туртки бўлди”,- дейди республика босқичига йўлланмани қўлга киритган Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бухоро академик лицейи ўқувчиси Тофиқбек Акрамов.

“Адолат” СДП Бухоро вилояти матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+