Булунғурдаги митинг талаби: Ўқувчиларни бепул дарсликлар билан таъминланг!

20.11.2019 13:11:37

Булунғур  туманидаги Хотира майдонида Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Биз адолат тарафдоримиз” шиори остидаги акция бўлиб ўтди.  Унда кенг жамоатчилик вакиллари, ҳамкор ташкилотлар, туман партия фаоллари, хайрихоҳлари,  депутатлари,  таниқли санъаткорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда партия томонидан амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар, хусусан, жамиятда ижтимоий тенглик ва адолатни қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, таълим ва тиббиётни янада чуқур ислоҳ этишда, оилалар учун муносиб турмуш шароитларини яратишда партия томонидан илгари сурилаётган мақсад, вазифаларнинг ҳаётий ва долзарб аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Жонли мулоқот асосида иштирокчиларга партия сайловолди дастури, унда ўз аксини топган халқчил ғоялар, таклиф ва ташаббуслар тўғрисида кенг тушунчалар берилди. Шунингдек, коррупцияга барҳам бериш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бепул бўлишига эришишда партия олдида турган устувор вазифалар хусусида ҳам таъкидлаб ўтилди.

Акцияда турли соҳаларда учраётган, йўл қуйилаётган камчиликлар, баъзи эътирозлар билдирилди. Умумтаълим мактабларида тиббий хизматни йўлга қўйиш, мактабларда бепул таълим бериш, ўқувчиларни бепул дарсликлар билан таъминлаш, олий таълим тизимида шартнома пулларининг туширилиши, стипендиялар миқдорининг оширилиши, тиббиёт ходимлари меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари илгари сурилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида қанча шароитлар яратилаётган бўлса-да, муаммолар ҳам оз эмас. Айниқса, фуқаролар билан самарали ишлаш тизими яхши йўлга қўйилмаган, мутахассисларда амалий кўникмалар йўқ, коррупциоген омиллар учраб турибди. Шунингдек, олий маълумотга эга шифокорларда амалий кўникмаларнинг етишмаслиги ҳам айтиб ўтилди.

Партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Асқар Холиқов иштирокчиларга соҳалардаги мавжуд муаммоларни, кўтарилган масалаларни бартараф этиш мақсадида сайловолди дастур лойиҳасида ишлаб чиқилган таклифлар тўғрисида  батафсил маълумот бериб ўтди.

Тадбир давомида партиянинг фаол аъзоларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Ёшлар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни тарғиб этувчи савол-жавоб ўйинлари ташкил қилиниб, фаол иштирок этганлар тақдирланди.

“Адолат” СДП Самарқанд вилояти Кенгаши

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+