Бунёдкорлигимиздан фахрландик

15.08.2022 11:08:48

Куни кеча мамлакатимизда қурилиш соҳаси ходимлари куни кенг нишонланди. Бу сана умумхалқ байрамига айланиб кетди, десам муболаға бўлмайди. Айниқса, Президентимиз йўллаган табрик барчамизнинг кўнглимизни кўтарди. Давлатимиз раҳбарининг ҳамкасбларимизга қарата айтган самимий дил сўзлари бунёдкорларимизни янги марраларга руҳлантирмоқда. Қилинган меҳнатга юксак даражада баҳо берилса, фахрланади ва завқланадида киши. Бу фақат менинг эмас, балки бутун туманимиз бинокорларининг фикри.

«Сизларнинг тимсолингизда шаҳар ва қишлоқларимизда, бутун юртимизда янги-янги ишлаб чиқариш корхоналари, муҳим ижтимоий объектлар, замонавий уй-жойлар, йўл ва кўприклар барпо этиб, ҳаётимизни янада гўзал ва обод қилишга беқиёс ҳисса қўшиб келаётган олижаноб касб эгаларини кўрамиз.» Юртбошимизнинг бу фикрлари, ҳеч шубҳасиз, ҳаммамизнинг қалбимиздан жой олди. Ўз меҳнати қадр топаётганини кўрган ҳар бир бунёдкорнинг ғайратига ғайрат қўшиб юборди.

Бўлимимиз ходимлари ҳам касб байрамини муносиб ютуқлар билан кутиб олдилар. Улар туманимизда бунёдкорлик ишлари кўламининг кенгайишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Бугунги кунда ҳар бир маҳаллада кўплаб қурилиш майдончаларини кўриш мумкин. Янги-янги кўркам бинолар қад кўтармоқда. Улар орасида уй-жойлардан тортиб, саноат корхоналари—ю маданий-маиший объектлар, таълим ва тиббиёт муассасаларигача бор. Буларнинг ҳаммаси халқ турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Байрам муносабати билан ўтказилган вилоят тадбирида қатнашдик. Унда соҳа тараққиётида эришилаётган улкан натижалар қайд этилди. Масалан, шу йилнинг ўзида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ва қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишларини амалга оширилиши учун 317.4 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Дастур доирасида 12 та умумтаълим мактаблари, 9 та мактабгача таълим муассасалари, 10 та тиббиёт муассасалари ҳамда 1 та маданият маркази қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Кўриниб турибдики, қурувчилар олдига қўйилган вазифалар ниҳоятда катта. Уларни муваффақиятли бажариш учун янги техника ва технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Замонавий материаллар кенг жорий этилмоқда. Пудратчи ташкилотларнинг моддий-техник негизи мустаҳкамланмоқда. Лойиҳалаштиришда эса илғор меъморий ечимлар қўлланилмоқда. Бу борадаги ютуқлар келгусида янада кўпаяди.

Беҳзод ЖЎРАЕВ,

Тўрақўрғон туман қурилиш бўлимидаги “Адолат” СДП бошланғич ташкилоти раиси.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+