Бюджет маблағлари ишлатилиши устидан депутатлик назорати - талон-торож камайиши кафолати

22.10.2022 11:10:37

Сўнгги йилларда халқ манфаатларини ифода этувчи орган сифатида шаклланган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини кучайтириш ва назорат ваколатларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини ислоҳ қилиш, уларнинг фаолият асосларини янада кучайтириш ва такомиллаштириш борасида қатор ташаббуслар билдирилган. Шу асосда маҳаллий Кенгашлар ваколатлари, назорат функциялари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Хусусан, ижро ҳокимияти устидан самарали депутатлик назорати ўрнатиш, маҳаллий давлат бошқаруви органларининг маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди. Маҳаллий бюджетга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлаш, улар ижроси бўйича тегишли раҳбарлар ҳисоботларини эшитиш, маҳаллий бюджетларга ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш каби ваколатлар берилди.

Шу асосда маҳаллий Кенгашлар ваколатлари, назорат функциялари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Хусусан, ижро ҳокимияти устидан самарали депутатлик назорати ўрнатиш, маҳаллий давлат бошқаруви органларининг маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди. Маҳаллий бюджетга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлаш, улар ижроси бўйича тегишли раҳбарлар ҳисоботларини эшитиш, маҳаллий бюджетларга ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш каби ваколатлар берилди.

Давр бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Боиси, мамлакат ривожи, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, ислоҳотлар самарадорлигига эришишда бюджет очиқлиги ва шаффофлиги муҳим ўрин тутади. Бу борада бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни янада кучайтириш энг тўғри йўлдир. Агар давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси ҳақидаги ахборотлар очиқ бўлмаса, парламент, жамоатчилик назоратига шароит яратилмаса, бюджет ижроси билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш қийин бўлади. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги Маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия томонидан ҳам маҳаллий бюджет ижроси юзасидан доимий назорат олиб борилмоқда, тегишли идора ва муассасалар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш йўлга қўйилган. Муҳокамалар жараёнида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларга йўналтирилган маблағларнинг қанчалик самарали сарфлангани масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳисобот даврида бажарилмаган ишлар кескин танқид қилинади. Камчиликларни бартараф этиш, бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг самарали ҳамда мақсадли сарфланишини таъминлашда мутасадди идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг бюджет соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш, бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг масъулиятини янада ошириш, маҳаллий бюджетлар даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эркинлигини таъминлашга қаратилган янги бюджет тизими жорий этилмоқда. Илк бор «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан республика бюджети харажатлари вазирлик ва идоралар кесимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан, маҳаллий бюджетлар харажатлари эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятига бевосита боғлиқ бўлган ҳамда тўлиқ маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдириладиган даромад турлари кенгайтирилди.

2020 йилдан бошлаб барча давлат мақсадли жамғармалари ва четдан жалб қилинган ташқи қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган харажатлари консолидациялашган давлат бюджетида акс эттирилиб, бюджет қамрови ва очиқлиги даражаси кучайтирилди. Халқаро стандартларга мувофиқ умумий фискал балансининг ҳисобини юритиш йўлга қўйилди. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқларни ортиқча ундирганлик учун давлат солиқ хизмати органларининг жавобгарлиги кучайтирилди, замонавий усулларни қўлланган ҳолда хориж амалиётида синалган солиқ назорати шакллари жорий этилди, шунингдек, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиблари соддалаштирилди.

Ўз навбатида, амалга оширилаётган ислоҳотлар вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг биринчи даражали харажатларни, давлат дастурлари ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш борасида жавобгарлигини оширишни, манбаси аниқ бўлмаган тадбирларни амалга оширмасликни ҳамда бюджет интизомини янада қатъийлаштиришни талаб этади.

Бугунги кунда «Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисида»ги низомга мувофиқ Маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия маҳаллий бюджет лойиҳасини, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифларни, шунингдек, маҳаллий бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни дастлабки тарзда кўриб чиқади. Бошқа доимий комиссияларнинг фикрларини ўрганади, хулосалар тайёрлайди, мазкур масалалар юзасидан сессияда маърузалар ва таклифлар билан чиқади. Иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг ҳудудий стратегик йўналишларини ишлаб чиқишда иштирок этади, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларини ўрганади, улар бўйича тавсиялар тайёрлайди; маҳаллий бюджет ижроси, бюджетдан ташқари ва мақсадли фондлар маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тартиби устидан назоратни амалга оширади. Маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромад захиралари ва манбаларини аниқлаш бўйича иш олиб боради, маҳаллий бюджет харажатларининг қонунчиликда белгиланган қисмининг жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилишида иштирок этади ва ушбу маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назоратни амалга оширади. Маҳаллий бюджет қўшимча маблағларининг белгиланган тартибда тақсимланишида иштирок этади.

Маҳаллий бюджет устидан депутатлик назорати очиқлигини таъминлаш мақсадида биз сайтимиз ва ўз телеграм каналларимиз орқали давлат идоралари томонидан амалга оширилган харажатлар таркиби ва натижадорлигини эълон қилиб борамиз.

Маҳаллий бюджет ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширишнинг учта, яъни дастлабки, жорий ва якуний назорат босқичларига ажратиш мумкинлигини ҳам қўшимча қилмоқчиман. Жумладан, дастлабки назорат - навбатдаги молиявий йил учун маҳаллий бюджет лойиҳасини муҳокама қилиш ва қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жорий назорат - маҳаллий бюджет ижросини Кенгаш доимий комиссияси йиғилишида кўриб чиқиш ҳамда сессия муҳокамасига олиб чиқиш якуний назорат - маҳаллий бюджетнинг молиявий йил якуни бўйича ижроси ҳақидаги ҳисоботни эшитиш, муҳокама қилиш ҳамда тегишли қарор қабул қилишдан иборат. Бу эса навбатдаги йил учун ишлаб чиқилган маҳаллий бюджет лойиҳасининг бюджет ва бошқа қонунчиликка мувофиқлигини аниқлаш, маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари режасининг объективлигини таҳлил қилиш, энг муҳими, аҳоли томонидан кўтарилаётган, уларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни ҳал этиш масалаларининг бюджет лойиҳасида кўзда тутилганлигини кўриб чиқиш мақсадларига хизмат қилади. Шу билан бирга, бюджет ижроси бўйича депутат сўрови депутатлик назоратини амалга оширишнинг энг муҳим ва зарур шаклларидан бири ҳисобланишини ҳам айтиб ўтиш лозим. Депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш талаби билан депутат сўровини юборишга ҳақли.

Яна бир жиҳат. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши, камомад ва ўзлаштиришлар, ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тез-тез ёритилиб, жамоатчилик томонидан кенг муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Шунинг учун бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида депутатлик назоратининг таъсирчан воситаларидан яна бири - маҳаллий бюджет, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси юзасидан масъул мансабдор шахсларнинг белгиланган муддатларда ҳисоботларини эшитиб бориш тартибини йўлга қўйганмиз. Ўз навбатида, бюджет маблағлари ишлатилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратининг мавжудлиги давлат бюджети маблағларининг ишлатилишида шаффофликни таъминлаш ва маблағлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Абдумавлон ҚОСИМОВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+