Чала ишни битириш кимнинг зиммасида?

22.01.2021 20:01:59

2014 йилда ”Эко-Лидер Плюс“ МЧЖ томонидан Тошкент шаҳар Олмазор туман “Чаманбоғ” маҳалласи Қорақамиш 2 даҳасида кўп қаватли уйнинг қурилиш ишлари бошланган эди. 2016 йил август ойига келиб эса қурилиш буткул тўхтаб қолган. Яқинда бу ҳақда ерли аҳоли вакиллари Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Луиза Хикматовага мурожаат қилди.

Мурожаат сабаблари ўрганилганда мазкур ҳудуддан кўп қаватли уй ҳарид қилиш учун 57 нафар фуқаро 25-50 % бошланғич тўлов эвазига юқорида номи кўрсатилган қурилиш ташкилоти билан шартнома тузган. Аҳоли мурожаатида келтирилишича, ўша вақтда қурилиш тугалланмай кўп қаватли уй биносининг эшик ва ромлари ўрнатилмаганлиги, газ, чироқ, сув, канализация қувур ва симлари ўтказилмаганлиги,  йўлаклар, лифт шахтаси терилмаганлигига қарамасдан яшаш учун хавфли бўлган уйни давлат қабул қилиш комиссиясидан ўтказиб, фойдаланишга топшириб юборилган. Шартномада кўрсатилган сумма эса талабгорлар томонидан ўз вақтида тўлиқ  тўлангани айтилмоқда. Улар бир неча тегишли давлат идораларига мурожаат қилишган, аммо натижа бўлмаган.

Шундан сўнг 2019 йил 3 июль куни даъвогар аҳоли вакиллари ўзаро кенгашиб, қурилиш ишларини ўзлари якунга етказмоқчи бўлишади ва шу мақсадда  Самарқанд вилоятидан лифт ўрнатиб берувчи ”ООО Лифт GROUP”  билан лифт қурилишини охирига етказиш учун шартнома имзоланади. Ҳисоб рақамига 262.000.000 сўм ўтказиб берилган бўлишига қарамай мазкур фирма ҳам лифт қурилишини охиригача етказмади. Бугун бундан ёши кекса инсонлар айниқса, азият чекишмоқда.

Хонадон вакиллари бошланғич тўловдан ташқари ”Эко-Лидер Плюс” МЧЖга тўланиши лозим бўлган шартномада кўрсатилган тўлиқ маблағнинг камайтирилганлиги тўғрисида квитанция ёздириб олиб, ўзлари газ, сув ва электр тармоғини ишга туширишган. Эшик ва ромлар ўрнатиб, лифт шахтасини ғишт билан кўтаришган.

Даъвогарлар бир неча бор “Эко-Лидер Плюс” МЧЖ раҳбари Ҳилола Зохидовага лифтни ишга тушириб беришни, болалар майдончаси қуриб, уй ёнидан оқиб ўтувчи “Қичқириқ” анхорини девор билан тўсиб берилишини (булар шартномада белгиланган эди) ҳамда ”ООО Лифт GROUP” директори Алишер Каримовга  лифтни ишга тушириб беришини айтганида очиқдан-очиқ ушбу масъуллар ишни якунлашни рад этган. Олмазор туман ҳокими муовини ишни ҳал қилиб беришга ваъда берган бўлса-да ҳалигача жим.  

Мухтарам Президентимиз тадбиркорларга қанчадан-қанча имконият бериб қўллаб-қувватлаганда, қўл учида иш қилиб, халқни норози қилганлар албатта, қонун олдида жавоб бериши шарт. Зеро, тадбиркорларга имконият берилди дегани ўз манфаатини кўзлаб кимларнидир ҳақини ўзлаштириш эмас, балки биринчи галда одамларни рози қилиш демакдир.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+