Чегара ҳудудидаги чегарасиз мактаб

09.06.2021 13:06:07

Ховос  туманининг “Шарқобод” маҳалласида уч минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Тожикистон давлати билан чегарадош бўлган бу манзилда 3 сонли умумтаълим мактаби фаолият кўрсатиб, унда 884 нафар ўқувчи таҳсил олади. Аслида 412 ўринга мўлжалланган ушбу мактабда дарслар икки сменада ўтилади. Яъни, ўқувчилар сони  мўлжалланган  ўриндан  икки баравар ортиқ. Лекин муаммо бунда эмас. Балки мактаб биносининг  ҳимоя тўсиқлари билан ўралмаганида.

Бу масала мактаб ўқитувчилари томонидан партиянинг вилоят Кенгаши ва вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги мулоқотда  мурожаат сифатида йўлланди. Чунки мактаб биносининг ўз чегарасига эга бўлмаслиги натижасида ўқитувчи ва ўқувчиларга қатор ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Айниқса карантин вақтида дарс машғулотларига бу муаммо ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтишлари учун пул маблағлари тўланиши ёки йўқлиги тўғрисида ёзма маълумот берилишида ҳам  амалий ёрдам сўралди. “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси сабаб йиғилган аҳоли вакиллари  маҳалла аҳолисини ўйлантириб келаётган бошқа масалаларга ҳам ойдинлик киритди. Яъни фуқаро А.Раҳматовнинг газ ҳисоблагичи эскирганлиги туфайли унга нисбатан 3 млн. cўм миқдорида жарима қўлланилганлиги, шу боис ушбу ҳолатнинг қонунийлигини ўрганиш, фуқаро О.Собуровнинг маҳалладаги умумтаълим мактаби ўқувчиларининг аксарияти “Исломобод” қишлоғидан қатнаб ўқишлари, оралиқ масофа камида тўрт километрни ташкил этиши туфайли ушбу йўналишга автобус  қатнови йўлга қўйилишида амалий ёрдам кўрсатиш борасидаги мурожаатлар ишчи гуруҳининг ён дафтаридан ўрин олди. Чунки сайёр қабулда мурожаатларнинг ҳал қилиниши ва муддати, амалий ечими борасидаги таклифлар ҳам ўртага ташланди. Энг муҳими халқ депутатлари  вилоят ва туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳлари кўмагида аниқланган ва ўрганилган масалалар назоратга олинди.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши

 матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+