Чустда «Йилнинг энг яхши ошпази» кўрик танлови

18.10.2022 09:10:28

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги «Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги»ги 626-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича октябрь ойи «Тиббиёт ойлиги»ги сифатида белгиланган бўлиб, мактабгача таълим тизимларида ҳам мазкур ойлик доирасида турли давра суҳбатлари, ўқув амалий семинар ва кўрик танловларнинг мунтазам ўтказиб борилиши тобора анъана тусини олмоқда.

Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида мактабгача таълим ташкилотида фаолият юритувчи ошпаз ходимлар ўртасида «Йилнинг энг яхши ошпази» кўрик-танлови ўтказилиши белгиланганди. Айни пайтда Наманган вилоятининг шаҳар ва туманлари МТТларида мазкур тадбир кўтарингки руҳда ташкил этилмоқда. Жумладан, яқинда Чуст туманидаги 12 -мактабгача таълим ташкилотида бўлиб ўтган кўрик танловда 63 нафар ташкилотнинг маҳоратли ошпазлари ўзаро беллашув олиб бордилар. Тадбирда вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳамда туман МТБ вакиллари, шунингдек мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ва тарбиячилар иштирок этдилар.

Икки босқичдан иборат ушбу танловнинг биринчи босқичида иштирокчиларнинг касбий билим ва салоҳиятлари малакалари соҳага оид саволлар бўйича синовдан ўтказилган бўлса, иккинчи босқичда улар орасидан сараланган 10 нафар қатнашчи тажрибали ҳакамлар кўз ўнгида турфа сархил таомларни белгиланган қисқа вақт ичида қойилмақом тайёрлаш бобидаги маҳоратларини амалда намойиш этдилар.

Анча шиддатли, ҳаяжонли ва қизғин баҳсларга бой тарзда кечган кўрик-танловда ҳакамлар томонидан ғолиблар адолатли ва шаффофлик мезонлари асосида танлаб олинди. Якуний натижаларга кўра 47-МТТ ошпази Нилуфар Аҳмедова касбий маҳорат бобида тенгсиз деб топилиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. 36-МТТ ошпази Кимсаной Каримжонова иккинчи ўринга муносиб топилди. 3-ўрни эса 32-МТТнинг маҳоратли ошпази Юлдуз Зоҳидовага насиб этди. Ғолибларга туман мактабгача таълим бўлими ҳамда ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалари, пул мукофотлари ва дипломлар тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, кўрик танловда «Энг зукко ошпаз», «Энг ёш ошпаз», «Ғалабага бўлган ишончи учун» ва бошқа номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб улар туман мактабгача таълим бўлими ва вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан муносиб тақдирландилар.

Саидолим АБДУРАҲМОНОВ,

«Адолат» СДП фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+