Чустда тарғибот тадбири

20.09.2021 12:09:00

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг тарғибот гуруҳи навбатдаги тадбирни Чуст туманидаги 75-умумтаълим мактабида ўтказди. Унда педагоглар, юқори синф ўқувчилари, шу атрофда яшайдиган фуқаролар иштирок этдилар. Партия вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова учрашувни қисқача кириш сўзи билан очиб, жумладан шундай деди:

– Мамлакатимизда демократик қадриятлар қарор топиб бораётган ҳозирги шароитда коррупцияга қарши кураш алоҳида аҳамиятга эга. Жамият ҳаётининг барча бўғинларида порахўрлик, таъмагирлик, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш каби ҳолатлар батамом бартараф этилиши даркор. Бунга ҳар бир фуқаро ўзининг ҳиссасини қўшиши талаб этилади. Партиямиз сайловолди дастурида бу масалага алоҳида ўрин ажратилган.

Шундан кейин ўз фикрларини билдирган “Адолат” СДП фаоллари Зафаржон Ҳасанов, Акмал Ҳайдаров, Бекзод Сиддиқов ва бошқалар коррупция оқибатида ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, халқ норозилигига олиб келиши мумкинлиги тўғрисида гапирдилар. Шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан қатор таклифлар изҳор этилди.

– Мен “Адолат” социал-демократик партияси туман кенгаши тадбирларида тез-тез қатнашиб тураман, - дейди меҳнат фахрийси, кекса журналист Анвар ота Муродов. – Бу сафар ҳам ўзим учун кўп нарса олдим. Тадбирга пухта тайёргарлик кўрилгани сезилиб турди. Коррупциянинг зарари аниқ мисоллар асосида исботлаб берилди. У тараққиётнинг душмани эканлиги ҳақидаги ғоя яхши таърифланди ва ҳамманинг онгига етиб борди. Айниқса, ёшлар учун бу катта наф келтиради, деб ўйлайман.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

        

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+