Дала шийпони... мактабга айлантирилган

08.04.2021 15:04:24

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят кенгаши ҳамда партиянинг Шеробод туман кенгаши вакиллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳи томонидан шароити оғир мактабларни ўрганиш жараёнида Шеробод туманидаги 30-умумтаълим мактаби биноси кўздан кечирилиб, ўқув муассасасидаги муаммо ва камчиликлар ўрганилди. 

Аниқланишича, тумандаги “Ҳаким­обод” маҳалласида жойлашган 30-ўрта умумтаълим мактаби 1964 йилда дала шийпони сифатида қурилган бўлиб, ўтган асрнинг 70-йилларида бино мактаб типига айлантирилганлиги, мактаб биноси деярли замон талабига жавоб бермайдиган, ўта таъмирталаб аҳволдалиги маълум бўлди. Ўқув даргоҳи 240 ўринга мўлжалланган бўлса-да, ўқувчилар сони 441 тани ташкил этади. Ҳудуд девор билан ўралмаган. Мазкур мактаб Шеробод канали ёқасида жойлашганлиги сабабли, ер ости сувлари кўтарилиши оқибатида бино деворини зах босган, пол қисмлари яроқсиз ахволга келиб қолган.

Мактабда компьютер жамланмалари, интернет тармоғи, лаборатория хоналари, ошхона, фаоллар зали ҳамда спорт зали умуман мавжуд эмас. Мактабнинг қозонхона-иситиш тизими ишдан чиққан. Мактаб дарвозаси ўрнатилмаган, кўмирхона, қоровулхона ҳам йўқ.

Синф хоналаридаги ромларнинг ойналарини артишнинг иложи йўқ, чунки тозалаётганда умрини аллақачон ўтаб бўлган ҳаддан ташқари катта ромлар пастга қулаб, ойналари чилпарчин бўляпти. Ҳавонинг иссиқ кунларида айрим синфларда ўқитувчилар деразаларни очишга қўрқишади, чунки чириб, узилиб тушиш даражасига келиб қолган. Полларнинг аҳволини айтмаса ҳам бўлади. Мактаб раҳбарлари ва маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида синф хоналари кўздан кечирилганда рус тили, биология хоналаридаги ленолиумлар йиртилиб, остидаги шағалу қумлари чиқиб кетганлиги, қолган синфларда ҳам аҳвол шундай эканлиги аниқланди.

Хўш, замонавий талабларга мутлақо жавоб бермайдиган, бир амаллаб кун ўтказаётган мактабларда фаолият юритаётган ўқувчи, ўқитувчи-устозларга қачон етарли шарт-шароитлар яратиб берилади?

Депутатларимиз мазкур муаммони янада чуқур ўрганиб, унинг тўлақонли ижобий ечимини топишга ҳаракат қилмоқдалар. 

 Гулшод Турсоатова,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+