Дарахтнинг бўшини қурт ейди

31.03.2021 16:03:45

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ўқиб тўғриси қувониб кетдим. Йўқ, бу билан ушбу соҳага эътибор қаратилмаётган эди, бугун эътибор берилди демоқчи эмасман. Бу борада узлуксиз тарзда амалий ишлар олиб борилаётгани барчамизга кундек равшан. Аммо, олиб борилаётган ишларга қарамасдан, барча соҳалардаги янгиланишлар жараёнида маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарадорлигина янада ошириш зарурлигини даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Дунёни ахборот бошқараётган бугунги кунда, халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгармоқда. Юртимизда ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган ҳаётбахш ғоянинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ёшларимизга ижтимоий тармоқлар, технологиялар мафкура тарқатаётган бир вақтда қабул қилиниган ушбу қарор барчамизни янада сергакликка чорловчи огоҳлик қунғироғи бўлди, десам янглишмайман.

Қарорда, маънавий-маърифий жараёнларни янада самарали ташкил этиш,  халқимиз, айниқса, ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлигини  самарали йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилган.

Хусусан, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш,  юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, аҳолининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш борасида кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгиланган.

Албатта, маънавий, маърифий тарбияни узвийлигини таъминлашда оила, таълим муассасалари, маҳалланинг ўрни беқиёс. Таълим-тарбия учун фақат мутасаддилар масъул десак қаттиқ янглишамиз. Шу ватан, шу юрт, шу ёшлар бизники, эртага келажагимиз порлоқ бўлишини истасак, бугун ҳаракатни бошлашимиз керак. Юрт тақдирига лоқайдлик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам бериш учун ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз лозим.

Халқимизнинг “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган пурмаъно сўзлари бугун унут бўлгандек гуё. Кўпинча ишдан кеч қайтишга тўғри келади. Атрофни кузатиб кетаман. Автобусга ёш улуғроқ киши чиқиб қолса қўлидаги сўнги русумдаги телефонга тикилганча, кўрмаганга олади. Тепасида отаси ёки онаси тенгилар тик турсада, ўзларини ноқулай ҳис этишмайди. Худди-ки уларни қўлидаги телефон ўзига “михлаб” олган.

Ачинарлиси, баъзи ҳолларда биз катталар ҳам қандайдир дунёвий бойлигимизни йўқотиб қўйишдан, эгаллаган лавозимимизни бой беришдан қурқамиз, безовталанамиз, аммо ёшларнинг онги ва қалбини қандай мафкурага тўлаётгани билан, маънавий тарбияси билан ишимиз бўлмайди. Бежизга  “Дарахтнинг бўшини қурт ейди”, деб айтилмаган. Ёшлар тарбиясида жамоатчиликнинг роли сезилиши керак. Маънавиятни ким орқали тарғибот қиламиз, кимга тарғибот қиламиз? Қаерда майда безорилик, оилавий ажримлар бор? Қаерда ишсизлар кўп? Маънавий-маърифий тарбияда узилиш бўлмаслиги учун шу муаммолар билан ишлашимиз керак.

Яқинда вилоят Кенгаши депутатларимиз ташаббуси билан олий таълим муассасаларида ёшларда ахборот олиш маданиятини шакллантириш, мамлакатимизда амалаҳга оширилаётган кенг кўламли ислоҳатлар билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган навбатдаги учрашувимизда вилоят Кенгаши депутати Илҳом Тўхтасинов таълим-тарбия масалаларига тўхталиб “Сиёсатда “Сен ухлаганингда душманинг уйғоқ бўлади” деган нақл бекорга қўлланилмайди. Маънавий жиҳатдан  ғофилликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лоқайдликни бас қилиш, мудроқ ҳолатидан уйғониш керак. Бунинг учун эса энг аввало илм сари ҳаракат қилиш, оила, боғча, мактаб, олий таълим, маҳалла, мутасадди ташкилотлар ҳамда жамоат ташкилотлари мунтазам равишда ҳамкорликда иш олиб бориши зарур. Маҳаллаларда “маҳаллабай”, “фуқаробай” ишлаш тизимини кенг йўлга қўйиш зарур. Ана шунда таълим тарбияда узилиш, маънавиятда бўшлиқ юзага келмайди.” деб таъкидлаганларида ҳақ гапни айтди.  

Ҳозирги даврда бутун инсоният “глобаллашув” деб аталган янги тараққиёт босқичида яшамоқда. Бунинг оқибатида “глобаллашув” сўзи иқтисодийгина эмас, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва бошқа қарийб барча соҳалардаги умуминсоний жараёнларни қамраб олувчи тушунчага айланиб улгургани айни ҳақиқат. Дунё яхлит ахборот майдонига айланиб бормоқда. Табиийки давлатларининг қудрати, уларнинг салоҳияти нечоғлик кўп ахборотга эга эканлигига боғлиқ бўлиб қоляпти. Энг муҳим жиҳати, ахборотга эгалик қилиш атрофида маънавият, иқтисодиёт, сиёсат  каби барча йўналишларда рақобат ҳар қачонгидан кучайиб бормоқда. Ана шундай ахборотлашув шароитида  ахборотга бўлган муносабат тубдан ўзгаради, уни шаклланишида ахборотни олиш, қабул қилиш маданиятининг ўрни тобора ортиб боради. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Қарорда тўғри ва аниқ белгиланган вазифалар қаторида  олий таълим тизимининг магистратура таълим босқичида “PR-менежер” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш белгилангани  айни муҳим деб ҳисоблайман. 

Биз сиёсий куч фаоллари депутатлик гуруҳларимиз кўмагида Қарорда назарда тутилганидек давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини кенг жамоатчиликка, фуқароларга етказишда бундан кейин ҳам  фаолликни сусайтирмаймиз. Юрт тараққиёти, ватан равнақи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга камарбаста бўламиз.

 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Смарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+