Давлат дастурининг айрим бандлари ижроси эътирозларга сабаб бўлди

21.01.2022 12:01:24

2022 йил 21 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йил якуни бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Давлат дастури 273 та банддан иборат бўлиб, унинг 117 та бандида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, 14 та қонун, 103 та Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, 156 та чора-тадбир дастурлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган.

Давлат дастури ижроси доирасида умумий қиймати 29,5 трлн сўм, 2,6 млрд АҚШ доллари ҳамда 57,5 млн. еврога тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Бугунги кун ҳолатига, Давлат дастурининг 243 та банди тўлиқ бажарилган, 5 та банднинг муддати узайтирилган ва 25 та банд бўйича ҳужжат лойиҳалари ва таклифлар белгиланган тартибда масъул идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Фракция аъзолари томонидан 2021 йил ҳам бутун дунё ҳамжамияти сингари мамлакатимиз учун пандемия сабаб синовли йил бўлишига қарамасдан давлат дастурининг халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш ва жамиятда ислоҳотларнинг ўз вақтида амалга оширилишига оид бандларининг ўз вақтида бажарилиши ижобий ҳолат сифатида баҳоланди.

Жумладан, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш йўналишида идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш, кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари сифатини ошириш ва рўйхатини кенгайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан бевосита алоқасиз ўзаро муносабатларни амалга ошириш шакллари ҳамда масофавий хизматлар кенгайтирилди. Бу эса, ўз навбатида, бугунги пандемия шароитида фуқароларимизга кўплаб қулайликларни яратиб берди.

Шунингдек, Давлат дастурининг партия сайловолди дастури билан ҳамоҳанг бўлган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериш тартибини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олиниши қонун билан белгиланди.

Шу билан бирга қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда бу каби ҳолатларни олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари тузилганлиги депутатлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Фракция аъзолари мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини, айниқса ўрта ва қуйи бўғинда ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ҳамда уларга сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатишга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилаётганига алоҳида тўхталиб, Президент қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилганлигини ижобий баҳолашди.

Ҳисоботни кўриб чиқиш жараёнида фракция депутатлари томонидан 2021 йилда Қонунчилик палатаси томонидан Ҳукуматга юборилган парламент ва депутат сўровлари ҳамда мурожаатлар ижросининг таҳлили эътирофларга сабаб бўлди. Чунки парламент ва Ҳукумат ҳамкорлиги халқ манфаатларининг таъминланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Хусусан, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Ҳукуматга Қонунчилик палатасидан 16 та парламент сўрови ва 424 та депутат сўрови чиқарилган ҳамда барчасига ўз вақтида жавоб қайтарилган.

Шу билан бирга депутатлар 2021 йилги Давлат дастурининг айрим бандлари ўз вақтида бажарилмаганлиги ва муддати узайтирилганлигига танқидий ёндашдилар.

Хусусан, Давлат дастурининг 5-бандида белгиланган ўрта ва қуйи бўғин бошқарув идораларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш орқали давлат бошқарувини номарказлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асосларни шакллантириш, вилоят, туман, шаҳар ва маҳалла бошқарувида самарадорликни ошириш учун ходимлар сони ва маошини ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилаш, қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатиш ва малакасини мунтазам ошириб боришнинг аниқ тизимини жорий этиш назарда тутилган вазифалар бугунги кунда энг долзарб йўналишлар бўлишига қарамай ўз вақтида бажарилмаганлиги депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Яна бир муҳим масала – Давлат дастурининг 82-бандида туман ва шаҳарда саноат салоҳиятини янада ошириш учун 100 та технопарк, кичик саноат зоналари, ҳудудий кластер ва махсус логистика марказларини ташкил этиш ҳамда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарига, биринчи навбатда, зарур инфратузилма объектларининг манзилли рўйхатини шакллантириш белгиланган эди.

Ҳисоботга кўра, бу борада бир қатор ишлар амалга оширилгани таъкидланган бўлса-да, 100 та технопарк ва махсус логистика марказларини ташкил этилганлиги ҳақидаги маълумот берилмаган. Шундан келиб чиқиб депутатлар мазкур банд ҳам ўз-ўзидан тўлиқ бажарилмаган деган ҳулосага келишди.

Шу билан бирга фракция аъзолари томонидан давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасида белгиланган муддатларга риоя қилмаслик ёки белгиланган вазифларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масалалари муҳокама қилинмагани, агар муҳокама қилинган бўлса қандай қатьий чоралар кўрилгани бўйича маълумотлар тақдим этилмаганлиги эътирозларга сабаб бўлди. Қайд этилдики, Давлат дастурининг ижроси бўйича ҳар бир давлат органи ва мансабдор шахснинг алоҳида масьуллиги ва жавобгарлиги белгилаб берилган.

Қизғин бахс ва мунозаралар тарзида бўлиб ўтган фракция йиғилишида давлат дастурининг кечиктирилган бандларини қисқа фурсатларда амалга ошириш юзасида таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокамалар якунида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йил якуни юзасидан ҳисобот фракция томонидан маъқулланди.

 

Анвар Эгамқулов

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+