Давлат тилининг  мавқеи қониқарлими?

14.06.2022 16:06:47

Яқинда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганига ўттиз уч йил тўлади. Ўтган давр мобайнида мазкур ҳужжат асосида муайян ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга зиёли инсонлар билан суҳбатлашсангиз, мавжуд ҳолатлардан қониқиш ҳисси йўқлигини сезасиз. Чунки қонун ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилмаган. Реклама воситаларидан тортиб фуқароларнинг тил маданияти-ю оммавий ахборот воситаларигача ҳамма ерда қонун бузилишларини учратиш мумкин.

Айниқса, радио ва телевидениедаги ҳолатлар одамларнинг ғашини келтирмоқда. Сухандонларнинг билим даражаси паст, кўпинча сўзларни нотўғри талаффуз қиладилар. Байналмилал иборалар ва атамаларни чалкаш ифодалаш ҳоллари учрайди. Бу, хорижий давлатларнинг ва шаҳарларнинг номларини, исмларни ўқиганда урғуни  тўғри қўя олмасликда яққол кўзга ташланади. Босма оммавий ахборот воситалари ҳам шунга ўхшаган хатолардан холи эмас.

 – Икки йил илгари  ташкилотларда раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили бўйича қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилгани мақсадга мувофиқ бўлди, - дейди халқ депутатлари Косонсой туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Исроилжон Жўраев. – Бу билан ишларни бирмунча тизимли олиб бориш имконияти юзага келди. Ҳозиргача анча-мунча ўзгаришларга эришилди. Аммо ҳали хотиржамликка берилишга ўрин йўқ. Жойларда қўлга киритилган натижаларни таҳлил этиш, камчиликларни бартараф этиш устида изчил иш олиб бориш талаб этилади.

Масалан, маҳалла, кўча ва қишлоқ номларини лавҳаларга битишда баъзан қўштирноқ ичига олиш ҳоллари учрайди. Катта ҳарф билан ёзиш қоидаларини билмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Бундай ҳолатларни деярли ҳар қадамда учратиш мумкин. Фуқароларнинг нутқ маданиятини пухта ўзлаштирмаганликлари барчага аён. Бу борада таълим муассасаларининг имкониятларидан етарли фойдаланилмоқда, деб бўлмайди.

Шунинг учун ҳам яқинда Косонсой туманида Президентимизнинг “Ўзбек тилини Давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850 Фармони ижроси бўйича  намунавий ўқув семинари ташкил этилгани айни муддао бўлди. Унда корхона, ташкилот ва муассасалар, МФЙ раҳбарлари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Дастлаб “Чорбоғ” маҳалласига бориб, иш юритиш бўйича хат-ҳужжатлар билан танишилди.  “Тонг юлдузи” кўчасидаги хонадонларни рақамлаш ишлари, ўрнатилган пешлавҳаларнинг мазмуни  ўрганилди. Бу жараёнда яхши натижалар қайд этилди, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсия ҳамда кўрсатмалар берилди.

Семинар иштирокчилари туман ички ишлар бўлимида давлат тилида иш юритиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишдилар. Бу ерда тўпланган тажриба бошқа жойларда қўллаш учун муносиб деб топилди. ИИБ раҳбарларининг мазкур масала юзасидан ахборотлари катта қизиқиш билан тингланди.

Вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Иродахон Қўчқорова қатнашган семинарда тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Уларнинг бажарилишини халқ депутатлари туман кенгашининг депутатлари ҳам назоратга оладиган бўлдилар.

                                                                                      Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят  Кенгаши

матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+