Давлатнинг пули – “бировнинг омонати”ми?

30.04.2021 10:04:16

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева парламент юқори палатасининг ялпи мажлисида ноқонуний харажатлар, камомад ва ўғрилик ҳамда бюджетдан самарасиз харажатлар ҳажми йилдан-йилга тобора ўсиб бораётганини афсус билан қайд этиди. Ҳақиқатдан ҳам рақамларга эътибор қаратсак. 2017 йилда бу кўрсаткич 36,5 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, бу рақамлар йилдан-йилга юқорига қараб ўсиб бораяпти. 2020 йилда ўсиш нуқтаси 2,7 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳам давлат мулкини талон-тарож қилиш, ўзлаштириш, коррупция ҳолатлари ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалаяпти. Бу ўсиш ҳолати тўхтагани ёки пастлаганини бугунги кунгача бирорта хабарда кўрмадим, эшитмадим.

Мамлакатимизда олиб борилаётган қатор тарғибот-ташвиқот ишларига, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларига. Инсон омилини аралаштирмасдан кўп соҳаларга электрон тизим йўлга қўйилаётганига қарамасдан бу иллат бир касаллик каби кенг тарқалиб, соҳаларни орқага тортмоқда. Ана шу талон – тарож, коррупция ҳолатлари сабабми ҳали қишлоқларимиз тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаяпти, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш, таълим, тиббиёт, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ёки шу каби бошқа соҳаларда ечилиши зарур бўлган кўплаб масалалар ҳамон тиқилиб ётибди.

Хўш, бу каби иллатларга қачон барҳам берамиз, қачон илдизи билан қурита оламиз? Эсимда, 2016 йилнинг ёз ойлари эди. Ишга тумандан қатнар эдим. Ишдан қайтишда кир ювиш учун совун олмаганим ёдимга тушди. Уйга кирдиму турмуш ўртоғимнинг сумкасидан қоғозга ўраб қўйилган пуллар ичидан, 3 минг сўм олдим. Ўша куни кечга турмуш ўртоғимдан роса танбеҳ эшитганман. Аввал йиғладим. 3 минг учун шунча муаммоми деб хафа бўлдим. Аммо, турмуш ўртоғим пулни қўшнимиз сақлаб туриш учун берганини, омонатга хиёнат қилиш катта гуноҳлигини айтган. Энг ёмони бу гуноҳдан сақланмаган кишини оиласида улғаяётган фарзандлар ҳам ҳалол ёки ҳаромнинг фарқига бормайдиган, гуноҳдан қурқмайдиган бўлишини айтган эди.

Ҳар сафар ижтимоий тармоқда ёки бирор оммавий ахборот воситасида коррупция ҳолати, давлат бюджети – “бировнинг омонатини” қўрқмай сарфлаётганлар ҳақида хабарга кўзим тушса шу воқеа ёдимга тушаверади. Ахир, ҳаром луқмадан фарзандларимизга едираяпмиз, шу сабабми коррупция деб аталган иллат қон-қонимизга сингиб кетмаяптими?

Сенат раиси Т.Норбоева “...бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаш шунчалик осонми? Буни, масалан, бартараф қилиш мумкин, бартараф қилинади, лекин эртага бошқа раҳбар келаяпти-да, бошқаси ҳам худди шуни давом эттиряпти. Балки имкон яратиб бераётган қандайдир механизмлар бордир? Балки қандайдир қонуний чораларни кўришимиз керакдир? Қонунларга ўзгартишлар киритиш керакдир? Нима деб ўйлайсиз?” деб ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Б.Туробовга мурожаатидан сўнг, қандай механизимни ишга туширсак бу ҳолатлар камаяди деган савол ақлимни қамраб олди.

Албатта, коррупция ва унга қарши кураш масаласи бугунги куннинг  энг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Чунки бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши салбий оқибатларга олиб келади. Коррупция, хусусан, демократик жараёнларнинг амалга ошишига тўсқинлик қилади, иқтисодий ривожланишнинг секинлашиши, кадрлар сифатининг пасайиши ва оқибатда барча соҳаларнинг оқсашига, уюшган жиноятчиликнинг илдиз отишига, ҳукуматга бўлган ишонч йўқолиши ва ижтимоий-сиёсий беқарорликка сабаб бўлади. Шунинг учун порахўрликка қарши ҳар бир давлат ўзича курашиб келади ва қайсидир давлатда коррупцияга деярли барҳам берилган бўлса, яна қаердадир бу иллат “гуллаб-яшнаш”да давом этмоқда.

Жаҳон тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, маълумки энг кам коррупцияга йўлиққан мамлакатлар қаторига Дания, Янги Зеландия, Финляндия, Швеция, Швейцария каби давлатлар киради. Улар бу даражага қандай эришмоқда? Финландия мисолида қарайдиган бўлсак, очиқ бошқарув маъмурияти ва ривожланган шаффофлик омиллари, ўзини ўзи бошқариш органларининг кенг ваколатлари, шунингдек, ҳукуматнинг устидан қатъий назорат ушлаб турувчи оммавий ахборот воситалари, бошқача қилиб айтганда, амалдаги сўз эркинлиги объектив омиллар бўлиб хизмат қилиши эътироф этилади. Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашда мансабдор шахслар томонидан қарор қабул қилишдаги очиқлик асосий ролни ўйнаши сир эмас. Чунки бу ҳолатда  қабул қилинган қарорларни баҳолаш ва уларни асослаб бериш имкониятини туғдиради.

Коррупциянинг олдини олишда финлар муҳим элемент деб ҳисоблайдиган яна бир жиҳат маҳаллий органларнинг жамият учун очиқлиги. Ҳокимликлардаги протоколлар олиб бориш ва қарорлар қабул қилиш очиқ бўлган вақтда коррупцияга чек қўйилади. Мисол учун, қурилиш ишлари бўйича лойиҳалаш ва шартномалар имзолаш вақтида. Ҳукумат фаолиятини назорат қилишда финлар газеталарнинг фаол обуначилари ва ўқувчилари эканлиги, аҳолининг саводхонлик даражаси, ҳамда кутубхоналарнинг ривожланган тизими ҳам ўз афзаллигини кўрсатади.

Юқорида келтирилган жиҳатларнинг қайсиларидар республикамизда ҳам коррупцияга қарши курашиш мақсадида қўлланилиб келинмоқда, бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилган, албатта.  Лекин, бундан ҳамма ҳам бирдек сабоқ чиқараяптими? Мана ҳозир ҳам шу мақолани ёзар эканман телеграмдан келган бир хабар эътиборимни тортди. Қайсидир мансабдор субсидия асосида ажратилаётган уй-жойлардан олишга ёрдам бериш эвазига “хизмат ҳаққи” олаётган вақтида ушланибди. Улар бундай хатти-ҳаракатлари билан инсониятнинг, айниқса ёш авлоднинг адолат ва демократия каби олижаноб идеалларига, қарашларига қанчалик катта зарар етказаётганларини, ўз халқи ва мамлакати шаънига доғ тушираётганларини айтиб ўтиришнинг ҳожати бормикин?

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+