Давлатобод коррупциядан ҳоли ҳудудга айланади

03.06.2021 18:06:03

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳасини амалга оширишга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда тегишли идоралар билан биргаликда ҳудудда коррупцияга қарши курашиш бўйича белгилаб олинган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг 2021 йил 22 февралдаги йиғилишида шундай тўхтамга келинган эди. Чунки  туман-шаҳарлар кесимида таҳлил қилинганда, 2020 йилда энг кўп коррупциявий жиноятлар Наманган шаҳрида (242 та) содир этилган.

Йиғилишда сўзга чиққан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов ва бошқалар мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидладилар. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилмоқда.

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш масаласи давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида кўришимиз мумкин.

Бунинг исботи сифатида сўнгги йилларда давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциявий омилларга чек қўйишга қаратилган 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилингани айтиш мумкин.

Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2021 йилдан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳаётга татбиқ этиш ишлари бошланди.Тадбирда Агентлик вакиллари томонида янги ташкил этилган Давлатобод туманида эксперимент тариқасида “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳасини амалга ошириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар тақдимоти ўтказилди.

Наманган вилоят ҳокимлиги, Наманган вилоят ИИБ, Наманган вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади. Манзилли рўйхат асосида белгиланган муассаса ёки ташкилотга шахсан ташриф буюриб, ходимлар билан, шунингдек жамоатчилик  вакиллари билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқот ташкил қилиш орқали  коррупцияга сабаб бўлаётган омиллар ва муаммолар ўрганилади, комплекс ёндашув асосида ушбу коррупциоген фактор ва муаммоларни бартараф қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, тадбиркорлар ва кенг аҳоли вакиллари ўртасида ижтимоий сўровлар ва социологик тадқиқотлар ўтказилади. Бунда аниқ ҳудуддаги коррупциянинг ўлчови ва латентлик даражаси аниқланади ҳамда коррупцион хавф-хатарларнинг тизимга таъсирига баҳо берилади. Тадбиркорлик фаолияти юритиш ва аҳолининг кундалик маиший ҳаётида дуч келаётган ортиқча бюрократик тўсиқлар аниқланади, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай коррупциядан ҳоли муҳитни яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

- Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳудудий бўлимлари билан узвий ҳамкорлик ўрнатилади, - дейди Давлатобод туман ҳокимининг ўринбосари Тоҳиржон Мамасиддиқов. – Шу аснода  коррупцияга қарши кураш соҳасидаги муаммолар ўрганилади. Коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва жиноий ишлар бўйича умумлаштиришлар ўтказилади, ҳар бир содир этилган коррупцион жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитлар чуқур таҳлил қилинади.

Давлат хизматчилари ўртасида “сирли мижоз” тадбирлари ўтказилади, давлат хизматларини кўрсатишдаги суиистеъмолчилик ва сансалорликларга йўл қўяётган ходим ва раҳбарларнинг фаолиятига реал баҳо бериш ҳам кўзда тутилган. Ҳудудда яшовчи фуқароларнинг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатини шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказишга алоҳида аҳамият берилади. Лойиҳани амалга татбиқ қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, бюджет маблағларидан фойдаланиш ва давлат харидлари соҳасидаги маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш чоралари кўрилади, коррупцион ҳолатларни фош қилганлик учун энг яхши жамоатчилик назорати тадбирлари рағбатлантирилади.

Лойиҳа доирасида амалга оширилган ишларни халқ депутатлари туман кенгашларида муҳокама қилиш, эришилган ютуқ ва камчиликларни сарҳисоб қилиб, ижобий тажриба келгусида бошқа ҳудудлардаги ишларга татбиқ қилиниши  мўлжалланган.

Йиғилиш якунида “Йўл харитаси”даги ҳар бир банд юзасидан ижрочиларга тегишли вазифалар юклатилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+