Давлатободликлар номзодимиз дастури билан танишдилар

30.09.2021 18:09:40

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” СДПдан номзод – Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили Исроилжон Жўраевнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Уларда иштирок этаётганлар партиямиз вакили томонидан олға сурилаётган ғоя ва мақсадларга катта қизиқиш билдирмоқдалар. Куни кеча Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида ўтказилган учрашувда ҳам бу яққол кўзга ташланди. Биз тадбирдан сўнг бир гуруҳ сайловчиларнинг шу ҳақдаги фикрлари билан танишдик.

Ёқутхон Турдиева, “Порлоқ” маҳалласи фуқароси:

– Маҳалламизда яшовчиларнинг кўпчилиги “Адолат” СДП фаолиятидан у ёки бу даражада хабардор, Чунки МФЙда партиянинг бошланғич ташкилоти фаолият олиб боради. Номзоднинг ишончли вакили билан учрашувга юздан ортиқ киши ташриф буюргани ҳам диққатга сазовор. Сайловолди дастурда таълим соҳасини ривожлантириш бўйича билдирилган таклифлар шахсан менда катта таассурот қолдирди. Ҳақиқатан мазкур йўналишда чуқур ислоҳотларни амалга оширмай туриб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган кадрларни камол топтириш қийин.

Клара Аҳмадалиева, тиббиёт ходими:

 – “Адолат” СДП номзодининг дастурида соғлиқни сақлашга оид масалаларга кенг ўрин ажратилганлиги кўпчиликка маъқул тушди. Соҳа ходимлари ҳақида ғамхўрликни янада кучайтириш керак. Бу, фақат ходимларнинг маошларини оширишда эмас, балки замонавий тиббиёт ускуналари етказиб беришда, дори-дармонларнинг нарх-навосини туширишда, малакали кадрларни кўпайтиришда ҳам ўз аксини топиши зарур. Дарвоқе, учрашувда қатнашган бошқа ҳамкасбларимизнинг фикри ҳам шундай.

Бундай мулоҳазалар ўз-ўзидан юзага келмайди, албатта. Ишончли вакил маърузасида сайловолди дастурнинг барча йўналишлари тўла қамраб олинди. Айни пайтда улар мамлакат ва вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётидан олинган жонли мисоллар билан бойитилди. Шу орқали кўтарилган мавзуларга иштирокчиларнинг қизиқиши ошди. Натижада ҳеч ким масалага бефарқ қолмаслиги таъминланди. Яна бир эътиборли жиҳат – мустақил ижодкор Неъматжон Бобохонов, “Адолат” СДП туман кенгаши раиси Венера Отажонова, партия фаоли Ёрқиной Ҳожиматова билдирган фикр-мулоҳазалар ишончли вакилнинг маърузасига ҳамоҳанг бўлди.

            Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

 “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+