Давр билан ҳамнафас

19.08.2021 14:08:48

Мамлакатимизнинг бошқа минтақалари қатори Наманган вилояти учун ҳам ўсиш ва юксалиш йиллари бўлди. Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг бирон жабҳаси йўқки, уларда тараққиёт белгилари кўзга ташланмаётган бўлса. Масалан, шу йилнинг олти ойи мобайнида қўлга киритилган натижаларни таҳлил этадиган бўлсак, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар анча кўтарилганлигини кузатиш мумкин. Хусусан,  йилнинг олти ойи давомида ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ҳажми 14,1 трлн.сўмни ташкил этди. Бу, бултурнинг мос даврига нисбатан 106,8 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 11,8, пудат ишларини амалга ошириш 5,8, хизмат кўрсатиш ҳажмлари 17,5 фоиз ўсди.

 – Бундай юқори натижаларга эришилаётганлигида турли соҳаларда меҳнат қилаётган партиядошларимизнинг муносиб ҳиссалари бор, - дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев. – Чунки сафларимиз тобора кенгайиб бормоқда, эътиборли жиҳати – маслакдошларимиз у ёки бу ҳудуд олдида турган муҳим вазифаларни адо этишга ўзларининг катта улушларини қўшмоқдалар. Илгари бизда ижтимоий соҳа вакиллари кўпчиликни ташкил этган бўлса, бугунги кунда орамизда фермерлар, тадбиркорлар, қурувчилар, ишчилар ва муҳандис-техник ходимлар кўпайиб бормоқда. Ҳеч шубҳасиз, бу “Адолат” СДПнинг нуфузи тинмай ошиб бораётганлигидан далолатдир.

Рақамларга мурожаат қиламиз. 2021 йил 1 июль ҳолатига вилоят бўйича партиямиз аъзоларининг умумий сони 35 минг кишини ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 4000 нафарга тенг бўлди. Январь-июнь ойлари мобайнида “Адолат” СДП сафларига кирганлар 1200 кишидан ошиб кетди. Бугунги кунда бошланғич партия ташкилотларимиз сони 500 тага етганлиги ҳам қувончлидир. Уларнинг 33 таси фаолиятини шу йил бошлади.

Вилоят партия ташкилоти эришаётган муваффақиятларга депутатлар қўшаётган ҳисса салмоғи тобора ошиб бораётганлигини ҳам қайд этиш лозим. Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бир нафар, халқ депутатлари вилоят кенгашида беш, туман кенгашларида эса 34 депутат фаолият рлиб бормоқда. Ҳалқ депутатлари вилоят кенгашида ва еттита туманда “Адолат” СДП гуруҳлари ишлаб турибди.

Улар орасида тўрақўрғонлик партиядошларимиз алоҳида ибрат кўрсатаётганлигини айтиб ўтиш лозим.    Мазкур туман кенгашига 2019 йилдан бери Заҳрохон Аҳмедова  етакчилик қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида бу ердаги маслакдошларимиз сафи миқдор жиҳатидан ўсиб, сифат  жиҳатидан мустаҳкамланди. Жумладан, “Адолат” СДПга 800 га яқин киши қабул қилинди. Ҳозир сафдошларимизнинг сони уч минг кишидан ошиб кетди. Бошланғич партия ташкилотлари   миқдори қирқ бештага етди.

Халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП   гуруҳи унчалик катта эмас, уч кишидан  иборат. Улар  турли  касб  эгалари – бири маҳалла фуқаролар  йиғини раиси, иккинчиси иқтисодчи, бошқаси  хусусий  тадбиркор. Улар туман партия  кенгаши билан узвий  ҳамкорликда иш  олиб  бормоқдалар.  Бу, фаолият самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  Мисол учун, 30-Куймозор сайлов округидан депутат Толибжон Босиджановнинг ўз округида педагоглар илтимосига кўра аҳолига интернет тармоғидан ишончли фойдаланишларига шароит яратиш учун  жон куйдиргани сайловчиларга маъқул тушди. Мутасадди ташкилотларга киритилган сўровлар ва қилинган мурожаатлар туфайли ҳудудда  интернет хизматларидан ишончли фойдаланиш имкониятлари яратилди. Бунинг учун  қўшимча шиша толали  сим тортилди, ускуналар  созланди.

26-Қатағон сайлов округидан сайланган  Эркин Бориев қўл урган хайрли иш ҳам  савобли  бўлди.  Унга фуқаролардан бири мурожаат қилиб, тўқсон ёшли онасининг оғир хасталик туфайли юролмай қолгани, аммо ногиронлик аравачаси олишга қурби етмаётганини айтган. Депутат, айни пайтда “Қатағон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлган сафдошимиз мурожаатни дарҳол ўрганди ва тегишли ёрдам кўрсатиш учун МФЙ фаолларни кенгашга чорлади. Маслаҳат асносида бир неча тадбиркорнинг кўмагида эзгу иш амалга оширилди. Кўнгли кўтарилган момо ҳаммани чин дилдан дуо қилди.

“Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси - Нуриддин Ваққосов ҳам кўп ишларда  фаол.  “Коррупция - ёшлар тасаввурида” мавзусида иншолар  танловидан  биронта умумтаълим  мактаби четда қолмаслигига ҳисса қўшди. Бунинг учун ўз сайлов  округи  ҳудудидаги таълим масканларининг  раҳбарлари ҳамда она тили ва адабиёти  ўқитувчилари билан  яқиндан ҳамкорлик ўрнатди. Ўқувчилар учун  қўшимча сабоқлар ташкил этилди. Бу каби омиллар танловни юқори савияда ўтказишга, болаларнинг ижодий қобилиятларини тўла намойиш этишлари учун шарт-шароитлар яратди. Тўрақўоғонлик сафдошларимиз тажрибаси  “Адолат” СДП вилоят Кенгаши   ташкил этган амалий семинарда ўрганилгани айни муддао бўлди.

Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман кенгаши таркибида икки нафар “Адолат” СДП вакили фаолият олиб боради. Улар халқ таълими тизимида меҳнат қилишади. Гулчеҳра Усмоновани ҳам, Шавкатжон Ғайбуллаев ҳам  ёнларига партиямиз фаолларини чорлаб, учрашув, суҳбат, ўрганиш каби тадбирларни уларнинг иштирокида ўтказмоқдалар. Бу, “Адолат” СДПнинг тумандаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Яқинда депутатларимиз туман кенгаши сессиясига “Умумтаълим мактабларда малакали тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини ўрганиш, болалар ўртасида яссиоёқлик (сколиоз), стоматологик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ҳамда профилактик тадбирларни кўзда тутувчи давлат дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, болаларга кўрсатилаётган стоматологик ёрдам сифатини яхшилаш бўйича барча даражадаги давлат ҳокимияти ижроия органлари масъулиятини кучайтириш тўғрисида”ги масалани киритдилар. Навқирон авлод саломатлигига доир ушбу мавзу ҳаммада катта қизиқиш уйғотди. Муҳокама қизғин ва жонли баҳсларга бой бўлди. Чунки масала ҳам батафсил, жойлардаги аҳволни пухта ўрганган ҳолда, ютуқ ва камчиликлар рўй-рост баён этилганлиги учун шундай бўлди. Муҳокамада эса кўплаб фойдали ва зарур таклифлар билдирилди.

 Намунали фаолият кўрсатаётган депутатлар ҳақида гап кетганда, халқ депутатлари Учқўрғон туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Ферузахон Абдуллаева номи ҳам биринчилар қатори тилга олинади. Тумандаги 23-умумтаълим  мактабида директор  бўлиб ишлайдиган бу аёлга  27-Нуробод  сайлов  округи ҳудудида  яшовчи  фуқаролар   катта  ишонч  билдирганлар.

Ҳозиргача  Ферузахон  аҳоли  талаблари  асосида мутасадди ташкилотларга  20 тага яқин  депутатлик сўрови киритди. Уларнинг ҳаммаси ўз вақтида  кўриб чиқилгани ва ҳал  этилгани диққатга сазовордир. Масалан, “Нуробод”, “Исломобод”, “Наврўз”  маҳаллаларидаги  қатор кўчаларда ичимлик сув таъминоти қайтадан йўлга қўйилди. Яна бир неча ҳудудда табиий газ таъминотини яхшилаш юзасидан бўлган мурожаатлар ўз  ечимини  топди.  Юзга яқин хонадонда “зангори олов” порлай бошлади.

Ферузахон коронавирус пандемияси авж олган  пайтда  кам таъминланган оилаларга  моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга  катта  эътибор  қаратди.  У  ҳомийликка олган  50 та ночор хонадонга  5-6 мартадан  озиқ-овқат, дори-дармонлар, тиббий ашёлар етказиб берилди. Карантин даврида қийналган аҳоли қатламига давлат томонидан ажратилган маблағларни  тақдим этишда ижтимоий адолат ўрнатиш мақсадида депутат назоратини йўлга қўйган. Шунингдек,  савдо тармоқларида, дорихоналарда нархлар ошиб кетмаслиги учун мунтазам назорат олиб бормоқда. Аниқланган камчиликлар ўз вақтида ҳал этилмоқда.

Қарийб  икки йилдирки, дунёда инсоният тарихидаги энг машъум балолардан бири – коронавирус инфекциясига қарши  кураш кетмоқда. Ўта маккор ва турланувчан хасталик озмунча одамларнинг ёстиғини қуритмади. Жуда ҳам юқумли бўлган бу дардни бартараф этишда барча қатори “Адолат” СДП фаоллари ҳам жонбозлик кўрсатмоқдалар.

- Тождор вирус сабабли юзага келган  тахлиқали вазиятда биз депутатлар  четда турмаслигимиз керак, - дейди халқ депутатлари Норин туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Турғуной Тўйчиева. – Шунинг учун  аҳоли вакиллари билан учрашганда, балои офатнинг  жуда ҳам тажовузкор ва хатарли эканлигини, у каттаю кичикни аяб ўтирмаслигини батафсил тушунтирмоқдамиз. Касбим шифокор бўлганлиги учун буни мен ҳам теран ҳис қилмоқдаман.  Шу билан бирга одамлар  орасида ўз саломатлигига лоқайдлик, коронавирусдан сақланишнинг ғоят муҳим тартибларини менсимаслик ҳолатлари учраб турганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Айни пайтда   коронавирус инфекциясига қарши эмланиш ҳамма учун биринчи даражали вазифа эканлигини ҳам тарғиб этмоқдамиз. Биринчилар қатори вакцинани қабул қилдим. Ўзимни жуда яхши ҳис этмоқдаман.

Ҳа, наманганлик “адолат”чилар ҳамиша бўлганидек, айни кунларда ҳам давр билан ҳамнафас фаолият олиб бормоқдалар. Ҳозир Президент сайловига қизғин тайёргарлик бошлаб юборилган. Жойларда сайловолди штаблари тузилган. Улар белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилишини мувофиқлаштириб бормоқдалар.

                                                                  Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+