Давр бунёдкорликка чорлайди

31.03.2022 11:03:31

2022 йилнинг яна бир ойи ниҳоясига етди. Март азалдан янгиланиш ва яшариш мавсуми ҳисобланади. Бу ойда табиат чин маънода ўз қудратини намойиш этади. Қаҳратон қишда осойишта уйқуга чўмган дов-дарахтлардан тортиб, қурт-қумурсқаларгача уйғониб, ўсиш ва ривожланиш йўлига тушадилар.

Шуниси эътиборга лойиқки, бу йилги март бошқача келди. Булутли ва ёмғирли кечди у. Аммо, табиатнинг жонланиши секинлашса-да, жамиятимиз ҳаётида катта ўзгаришлар рўй берди. Бу эса давлатимиз раҳбари  бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар туфайлидир.

Мисол учун, ойнинг дастлабки кунларида  Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Юртимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш юзасидан кенг кўламли вазифалар эса  18 мартда Президент шифокорлар билан ўтказган мулоқотида муҳокама этилиб, соҳани янада ривожлантириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Ойнинг яна бир муҳим воқеаси – биринчи Тошкент халқаро  инвестиция форумидир. Мазкур анжуман 24-26 март кунлари бўлиб ўтди. Дунё ишбилармонлари, сармоядор ва йирик халқаро молиявий ташкилотлар раҳбар ҳамда мутасаддиларини жамлаган мазкур тадбирнинг аҳамияти жуда катта бўлди. Унда муҳокама этилган мавзулар долзарблиги билан ажралиб турди.  Шунинг учун имзоланган ҳужжатлар, эришилган келишувлар истиқболли бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. 56 мамлакатдан 1,5 мингга яқин йирик инвесторлар ва юқори даражадаги меҳмонлар, халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари вакиллари қатнашганлиги эса форумнинг салоҳияти қанчалик юқори бўлганлигидан далолат беради.

Анжуман  доирасида давлатимиз раҳбари қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. У ялпи мажлисда сўзлаган нуқтада мамлакатда яратилган қулай инвестиция муҳити, тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. Кейинги даврда бу масала бўйича жуда кўп иш қилинди.  Натижада иқтисодиётимизга жалб қилинган йиллик хорижий инвестициялар ҳажми уч ярим баробарга ошиб, охирги 5 йилда уларнинг умумий қиймати 25 миллиард долларни ташкил этди. Бунинг ҳисобига 59 мингта инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши 2,5 миллиондан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига муносиб ҳисса қўшди. Шунингдек, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, электротехника, кимё ва нефть-кимё, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати ва бошқа кўплаб соҳалардаги қайта ишлаш даражасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга ҳамда экспортимизнинг йиллик ҳажмларини салкам 20 миллиард долларга етказилди.

Форумда  Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди. У бир қатор хорижий давлатлар компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Хусусан, Австрия Республикасининг “АМЕ International” компанияси вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Ушбу йирик компания тиббиёт муассасалари ва тиббиётни рақамлаштириш бўйича эксперт компаниялардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, тиббиёт воситалари ишлаб чиқариш, соғлом турмуш тарзини ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳам бой тажрибага эга. Учрашувда кўп томонлама манфаатли келишувлар бўйича музокаралар ўтказилди.

Юқорида биз мамлакатимизда март ойида бўлиб ўтган атиги учта йирик воқеага тўхталдик, холос. Аммо шуларнинг ўзидаёқ қатрада қуёш акс этганидек, юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар кўлами ниҳоятда кенглигидан далолат беради. Бу, айни пайтда Ватан ва халқ манфаати йўлида самарали бунёдкорлик меҳнатига чорлайди.

                                                                                     Исроилжон Жўраев,

Халқ депутатлари Косонсой  туман Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+