Деҳқон бозорларида ишчи гуруҳ назорати

08.06.2021 18:06:32

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида “Адолат” СДП Тошкент вилояти Бўка тумани Кенгаши  партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида  деҳқон бозорларидаги мавжуд ҳолатни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.  

Халқ депутатлари Бўка тумани Кенгаши депутати, “Адолатнинг фаол адолатли аёллари клуби” аъзоси  Хуршида  Абидова  раҳбарлигидаги ишчи гуруҳга  партиянинг туман  “Аёллар қаноти” Кенгаши, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг туман бўлими,  туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати масъул ходимлари ходимлари жалб этилди.

Ишчи гуруҳи томонидан муҳим масалалар бўйича ўрганишлар олиб борилди.

Хусусан, деҳқон бозорлари учун тегишли тартибда тасдиқланган санитария қоидалари ва меъёрларига оид хужжатлар, ҳудуднинг санитария-эпидемиологик ҳолатини яхшилаш, бу борада аҳоли маданиятини ошириш, деҳқон бозорларига юқумли ва паразитар касалликларнинг кириб келиши ҳамда тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ижроси шулар жумласидан.  

Шунингдек, сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг ветеринария-санитария назорати бўйича текширувлар ўтказилди.

Ушбу ўрганиш давомида бир қатор қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига доир ишлар лозим даражада эмаслиги,  аҳоли саломатлигига салбий таъсир қилувчи омилларни аниқлаш мақсадида зарур текширишлар ва сўровлар ўтказилмаганлиги,  сотувга қўйилган гўшт ва парранда махсулотларининг сақлаш тартиби бузилганлиги, сотилаётган маҳсулотларлар ветеринария қоида ва нормалари талабларига мувофиқ эмаслиги, кўп ҳолларда полиз ва бошқа маҳсулотларини растадан ташқари жойларда (ерда) сотиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этилиш зарурлиги юзасидан бозор маъмурияти ва туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази бош врачи Д.Қодировга тегишли кўрсатмалар берилди ҳамда ушбу масала Халқ депутатлари Бўка туман Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритилиши бўйича тегишли таклиф тайёрланди.

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+