Денов туманида “Адолатли қайнона” аниқланди

22.06.2021 22:06:41

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан маҳаллалараро “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг вилоятлараро шаҳар, туман босқичлари бўлиб ўтмоқда. Сафдошларимиз ўртасида фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсата оладиган, сиёсий маданияти шаклланган, халқимиз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаб, хонадонларида тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган аёлларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилаётган мазкур танлов кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Таъкидлаш жоизки, оилалар мустаҳкамлиги жамият барқарорлигига хизмат қилади. Бунда ҳар бир хонадон аъзоларининг, айниқса, ҳаёт тажрибасига эга аёлларнинг, оналарнинг ўз ўрни бор. Оилада ҳам, жамиятда ҳам фаол аёлларнинг ташаббускорлиги уларнинг хонадонларидаги тинчлик-хотиржамлик, яхши оилавий муҳит туфайли рўёбга чиқади.
Жумладан, шу кунларда Сурхондарё  вилоятининг шаҳар ва туманларида “Адолатли қайнона” танловининг қуйи босқичи кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Хусусан, Денов туманида ташкил этилган беллашувда 13 та маҳалланинг барчасидан фаол сафдошларимиз қатнашди.

Танловда иштирокчиларнинг ташаббускорлиги, жамият ҳаётидаги янгиланишлардан хабардорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқараши мустаҳкамлиги, миллий ва умуминсоний қадриятларни яхши ўзлаштирганлиги, оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш, миллий оилавий тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш, ёш авлодда маънавият, маданият, маърифатни янада юксалтириш орқали оилада баркамол авлодни тарбиялашда ибратли ҳаётий тажрибага эга эканлигига эътибор қаратилди.

 Фароғат Ўринова, туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими мутахассиси:
— “Адолатли қайнона” танловида муайян ҳудудда истиқомат қилаётган, обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга, зиёли, кайвони онахонлар, бошқаларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган фаол аёллар иштирок этиши айни муддаодир. Уларнинг тажрибасини кенг тарғиб этиш зарур. Танлов шартларига мувофиқ иштирокчилар оила, маҳалла ва меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари, лидерлик ва нотиқлик қобилиятлари, оила тўғрисидаги миллий қонунчиликдан хабардорлиги, ўзи яшаётган ҳудуд анъаналари, урф-одатлари, ўзига хос хусусиятлари, оилавий қадриятлар ҳақида қай даражада билиши, фарзандларни баркамол этиб тарбиялашдаги ибратли фазилатлари, улар онгига оила ва никоҳнинг муқаддаслигини сингдира олганлиги, маърифатли экани, фаол фуқаролик позициясига эгалиги ва бошқа шу каби мезонлар асосида саралаб олинди.
Якуний натижаларга кўра, тумандаги “Сўфи Оллоёр” маҳалласида яшовчи Саломат Бобомуродова ғолибликни қўлга киритиб, биринчи даражали диплом билан тақдирланди. Айтиш жоизки, Саломат  аянинг 3 нафар ўғли ва келинлари, икки нафар қизи тинч-тотув, бахтиёр яшамоқда.

Шунингдек, 2-ўринга тумандаги  “Янги қишлоқ” МФЙ фуқароси Рахима Ходжаева сазовор бўлган бўлса,  “Истиқбол” маҳалласида яшовчи Каромат Муҳаммадиевага  3-ўрин насиб этди.

Ғолиблар ва иштирокчилар партиянинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Гавҳар ШОИМОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Денов туман “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+