“Депутат амаки менга тикув машинаси совға қилди”

27.08.2021 10:08:09

Дунёда гўзал амаллар кўп.  Уларнинг бири  саховат, ўксик кўнгилларга малҳам бўлишлик. Ўзгалар ҳолидан хабар олиш, айниқса, ижтимоий таъминотга муҳтож қатламга атрофлича кўмак бериш савобли.  Кимдир бир қоп ун, кимдир ёғ ёки пул маблағларини улашиб, ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам кўнглини обод қилади. Болаларга қувонч улашиш эса ҳаётнинг бахтли инсонларга ато этган инъомидир.

Халқ депутатлари  Ёзёвон  туман  Кенгаши депутати Б.Юсупов ҳам  шундай амал соҳиби.  Туманнинг “Хонабод”  МФЙ ҳудудида  яшовчи  ёлғиз она қарамоғидаги Мухторали Турсунов ҳамда кам таъминланган оила фарзанди  Салимжон Олимжоновга  янги ўқув йили учун мактаб формаси ва ўқув қуроллари олиб берди. Қоракўз болажонларнинг қувончига қувонч қўшди.

Мазкур МФЙда яшовчи яна бир болажон, ногиронлиги бўлган  Маъсумахон Набиевага  эса  тикув машинаси совға қилди. 

-Ўзим 10 ёшдаман, – дейди Маъсумахон. – Лекин тикувчиликка қизиқаман. Уйда ўтиравериб зерикардим.  Депутат амаки мени илтимосимни ерда қолдирмади.  Уларга раҳмат. Энди қўғирчоқларим, ўзимга кўйлаклар тикаман. Улғайсам моҳир чевар бўламан, албатта.

 

 Камола ПОЛВОНОВА,

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+