Депутат аёллар халқ билан ҳамнафас бўлмоғи керак

19.02.2021 12:02:01

Халқимиз аёлга эътиборни онага эътибор, миллат келажагига эътибор, деб қарайди. Ҳадисларда  ҳам “Жаннат оналар оёғи остидадир”, дейилади. Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ролини ошириш бўйича жуда катта ишлар қилинмоқда. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли уларнинг жамиятимиздаги роли тобора ортмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия, Сенатда эса Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия ташкил этилиши ҳам Ўзбекистонда аёл зотига кўрсатилаётган катта эътибор меваси бўлди.

Мана, бу галги Парламент сайловида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига мамлакатимиз парламенти тарихида илк бор 48 нафар аёл депутат бўлиб сайлангани, маҳаллий кенгашларда эса, уларнинг салмоғи янада кўплиги ҳам бунинг яққол натижаси, деб биламан. Таъбир жоиз бўлса, бу ҳам Президентимизнинг “Ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт” деган гапининг амалда ўз исботини топаётганини яққол тасдиқлайди.

Бугун давлат раҳбари, кўп миллатли халқимиз биз, депутатлардан, авваламбор шижоатни, фаолликни, масъулиятни теран англанган фаолиятни, депутатликдек шарафли номни оқлашликни кутмоқда. Агар аёл депутатларимиз етарли билим ва кўникмага эга бўлса, малакасини доимий ошириб борса, ўйлайманки, улар халқ билдирган ишончни оқлай олади, жойлардаги муаммоларга ечим топа олади. Чунки бугун халқимиз бизга катта умид ва ишонч билан қарамоқда.  Юксак ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиш учун эса энг аввало, амалий ишлар билан халқнинг меҳрини қозониш, ишончини оқлаш керак. Халқни рози қилиш ва партиямиз обрўсини сақлаш учун бугундан бошлаб жиддий ҳаракат қилишимиз зарур.

Турмушимизни яхшилаш, оилаларимизнинг тотув ва мустаҳкамлигини сақлаш учун биз-депутат аёллар халқ билан ҳамнафас бўлиб  ҳаракат қилмоғимиз лозим. Раҳбар, жонкуяр ва фаол аёл сифатида хотин-қизларимизнинг юрагига қулоқ тутишимиз, уларнинг яқин сирдоши, кўмакдошига айланишимиз керак. Зеро, жамиятнинг қай бир жабҳасида фаолият кўрсатмайлик, хотин-қизларимизнинг ҳаётдан рози бўлиши, бахтли ҳаёт кечириши учун кечаю кундуз тиним билмай меҳнат қилсак арзийди.

Мен депутат сифатида  Юртбошимиз бошчилигида ҳаётимизни янада эркин, обод ва фаровон этишга қаратилган улкан ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда бор билим ва кучимни сафарбар этаман. Ҳар куни, ҳар соатда виждоним олдида ҳисобот бериб,  эл-юрт манфаатини ўйлаб ишлашга, Президент, сайловчилар олдида, юртдошларимиз олдида бизга билдирилган юксак ишонч­га ҳар томонлама муносиб бўлишга бор куч-ғайратимни аямайман.

 

Шоҳида ХОЛЛИЕВА,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+