Депутат билан мулоқот

02.02.2021 21:02:44

Давлатобод - Наманган шаҳри таркибида ташкил этилган янги туман. Бу ерда қарийб 150 минг аҳоли яшайди. Албатта, фуқаролар, шу жумладан, хотин-қизлар орасида қийин вазиятга тушиб қолганлари ҳам бор. Улар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Аёллар дафтари”га киритилган. Ана шундай опа-сингилларимиз билан қандай иш олиб борилмоқда? Натижадорлик даражаси қанча?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоиловнинг мазкур туманда ўтказган учрашувида ана шу саволларга жавоблар изланди. Вилоят маданият марказида ташкил этилган тадбирда корхона ва ташкилот раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллар иштирок этдилар.

Дастлаб парламент аъзоси мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, қамбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталди. Катта миқдордаги инвестицияларни йўналтириш ҳисобига жойларда қурилаётган корхоналар сони тобора ортиб бормоқда. Янги иш ўринларига одамлар керак, лекин баъзан малакали мутахассислар етишмовчилиги ҳам сезилмоқда. Чунки талаб этилаётган касблар бўйича кадрлар тақчилиги мавжуд. Бунга барҳам бериш учун эса фуқароларни ўқитиш зарур бўлади.

- “Адолат” СДП фракцияси аъзосининг мулоқоти аёлларимизда катта таассурот қолдирди, - дейди  “Порлоқ”  маҳалла фуқаролари йиғини раиси Гулчеҳра Нишонова. - Улар ўзлари учун зарур маълумотларга эга бўлдилар. Вужудга келаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди. Бир қатор аёллар янги ташкил этилаётган мономарказларда таълим олиш истагини билдирдилар.

Давлатимиз раҳбари томонидан "Аёллар дафтари"га киритилган тадбиркорлик қилиш, касб-хунар бўйича ўқиш истагини билдирган 220 нафар хотин-қизлар учун семинар ҳам ташкил этилди.

Тадбирдан сўнг  ижтимоий оғир вазиятга тушиб қолган ҳамда тадбиркорлик қилиш истагини билдирган хотин-қизларнинг оилалари манзилли ўрганилди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов партия вилоят кенгаши раиси И.Жўраев ва бошқа фаоллар билан биргаликда тумандаги мактаблар, соғлиқни сақлаш муассасалари ва мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти билан яқиндан танишди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+