Депутат фаолияти: Халқ ишончи амалий натижаларга боғлиқ

23.08.2022 18:08:24

Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолининг таклифларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Шу мақсадда партия депутатлик гуруҳи томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Таъкидлаш жоизки, партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришда депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлиги ва масъулиятни кучайтириш замон талабига айланиб улгурган.

Хусусан, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан ўз сайлов округларига қарашли ҳудудларда мунтазам ўтказилаётган халқ билан юзма-юз мулоқотлар чоғида фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар атрофлича ўрганиб, чиқилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

деп2

Жумладан, маҳаллаларда «Темир дафтар», «Ёшлар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган фуқаролар билан ишлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлиги ҳамда фуқароларни қийнаб келаётган турли масалаларнинг ечимида вилоят Кенгашига партиямиздан сайланган депутатларнинг ўрни ўзгача бўлмоқда.

Шунингдек, вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳининг раҳбари Мақсуд Ҳамидов томонидан ҳам самарали фаолият юритилиб, «маҳаллабай» ва «фуқаробай» ишлаш тизимида аҳоли муаммоларини бартараф этишга эришилмоқда.

Депутат М.Ҳамидов томонидан партиянинг «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида ўз сайлов округига қарашли Вобкент туманидаги «Хайрихуш» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳолининг муаммолари ўрганилганда, депутатга фуқаролар томонидан ҳудуддан ўтувчи йўлнинг 2 км қисмини асфальт қилиш масаласида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади. Депутат ушбу масалага ижобий ечим топиш мақсадида туман ҳокимлиги раҳбари номига депутатлик сўрови чиқаради. Натижада, сўров ижобий ҳал этилиб, вилоят Кенгаши депутати М.Ҳамидовнинг ташаббуси билан «Хайрихуш» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли йўлнинг 2 км қисмига асфальт ётқизилди, қувончлиси, ҳозирда кўчалар текис ва равон йўлга айланган. Худди шу масалада, яъни, «Шанба» МФЙ «Хайработ» кўчасида яшовчи фуқаролар томонидан ҳам ҳудуддаги ички йўлларнинг таъмир талаблиги юзасидан мурожаат келиб тушади. Депутатлик сўрови орқали бу муаммо ҳам ижобий ҳал этилиб, ҳудуднинг ички йўллари кўзни қувнатадиган қиёфага эга бўлди.

деп3

Вобкент тумани «Хайрихуш» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Манзура Ўроқова паррандачилик йўналишида оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олиш мақсадида қилган мурожаати асосида депутат М.Ҳамидов томонидан банкдан имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Ушбу ҳудуднинг «Дилором» кўчасида яшовчи яна бир фуқаро Гулзода Қаршиева фарзанди учун нафақа пули ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади. Фуқаронинг мурожаатидан сўнг депутат томонидан Г.Қаршиеванинг хонадонида ўрганиш ишлари олиб борилгандан сўнг туман пенсия жамғармаси раҳбари номига депутатлик сўрови юборди. Депутат М.Ҳамидовнинг кўмаги туфайли ушбу мурожаат ҳам ижобий ечим топди.

Туманда жойлашган «Паноб» МФЙ «Арабхона» кўчаси, «Хайрихуш» МФЙ «Хайрихуш» кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳудудларда электр таъминотидаги узилишлар кўпайганлигини маълум қилиб, муаммони ҳал этишда депутатдан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади. Депутат М.Ҳамидов ушбу муаммога ҳам ижобий ечим топишга муваффақ бўлди.

Шунингдек, «Хайрихуш» МФЙ «Гулистон» кўчасида яшовчи 1999 йилда туғилган Азизжон Чолов ҳамда 1994 йилда туғилган Бобоназар Чоловларнинг отаси асли Тожикистон Республикаси фуқароси бўлиб, бугунги кунда онаси билан қонуний ажрашганлиги сабабли оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Ака-укалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган бўлиб, ҳозирда Вобкент тумани «Хайрихуш» МФЙда онаси билан бирга яшаб келмоқда. Аммо бугунгача фуқаролик паспортига эга эмас. Ака-ука Азизжон ва Бобоназарлар фуқаролик паспортига эга бўлиш мақсадида депутатдан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади. Депутат ушбу мурожаатга ҳам ижобий ечим топди. Туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи номига депутатлик сўрови чиқариб, муаммони бартараф этишга эришди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Олима Рафиева томонидан ҳам натижадор фаолият юритилиб келинмоқда. Жумладан, депутат томонидан партиянинг «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида ўтказилган очиқ мулоқотда Бухоро шаҳар «Мустақиллик» кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Зилола Севинова 2009 йилда туғилган ўғли Фарход Абдумуқимовнинг қўли травматолог врач томонидан нотўғри операция қилинганини маълум қилиб, қайта жарроҳлик учун амалий ёрдам сўрайди. Мурожаат асосида вилоят Кенгаши депутати О.Рафиева вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи номига депутатлик сўрови юборади. Шундан сўнг О.Рафиеванинг

депутатлик сўровига асосан керакли ўрганиш ва ташхислардан ўтказилган Бухоро шаҳар «Мустақиллик» кўчаси, 72\1-уй 44 хонада яшовчи фуқаро Зилола Севинованинг фарзанди Фарход Абдумуқимовга тегишли соҳа мутахассислари томонидан бепул жарроҳлик амалиёти кўрсатиладиган бўлди.

Яна бир мурожаатчи «Шодлик» МФЙ «Навоий» шох кўчасида 21/1 хонадонида ижарада яшовчи фуқаро Латофат Икромова турли хил касалликлар билан касаллангани, оилавий шароити оғирлиги боис кечадиган жарроҳлик амалиётига молиявий жиҳатдан қийналаётганлигини айтиб, депутатдан амалий ёрдам сўрайди. Бу муаммо ҳам депутат О.Рафиева томонидан ижобий ҳал этилиб, фуқаро Латофат Икромовага тегишли соҳа мутахассислари томонидан жарроҳлик амалиёти кўрсатилди.

Депутат томонидан ижтимоий ташкилотлар ўрганилганда, Бухоро шаҳар «Гулшан» МФЙ ҳудудида жойлашган 68-Давлат Мактабгача таълим ташкилоти мукаммал таъмирлашга келиб қолгани маълум бўлади. МТТнинг раҳбари ташкилотни 2023 йил мукаммал таъмирлаш давлат дастурига киритилиши юзасидан депутатга қилган мурожаати ҳам О.Рафиеванинг саъй-ҳаракати билан ижобий ечим топди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Гулчеҳра Равшанова томонидан ҳам фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, уларга ечим топиш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Жумладан, Бухоро шаҳар «Тўқимачи» МФЙда истиқомат қилувчи «Ижтимоий ҳимояга» олинган фуқаро Зулхумор Шаропова турмуш ўртоғи билан ажрашган, оилавий шароити оғир, икки нафар фарзандини ўзи вояга етказмоқда. З.Шаропованинг соғлиғида муаммо борлиги сабабли МРТдан ўтиш учун депутатдан амалий ёрдам сўрайди. Натижада, депутатнинг кўмаги билан З.Шаропова бепул МРТдан ўтказилди.

Шунингдек, депутатнинг ўрганишлари жараёнида Бухоро шаҳар «Удурғи», «Алотхона», «Хўжа Мушкин» аҳоли пунктларидаги ички хўжалик йўллар жуда таъмирталаб аҳволда эканлиги аниқланди. Депутат Г.Равшанова ички хўжалик йўлларини капитал таъмирлаш масаласида шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи номига депутатлик сўрови юборади. Бу муаммо ҳам ижобий ечим топиб, ички йўлларни капитал таъмирлаш 2023 йил Давлат Дастурига киритилди.

Бухоро туман «Лоша» МФЙда яшовчи фуқаро Нозима Эгамова оилавий аҳволи жуда оғирлиги сабабли ижтимоий ҳимоя дафтарига киритилишида ҳамда 2012 йилда юрагида клапан етишмовчилик билан туғилган ўғли Нозимжон Насриддиновни даволашда ва ногиронлик нафақасини тайинлашда депутатдан амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам ижобий ечим топди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Жонибек Жумаев Жондор туман «Ушот» МФЙ «Мадамбой» қишлоғи аҳолисининг муаммоларини ўрганишлари жараёнида ҳудуддаги аҳоли хонадонларига электр қувватини етказиб берувчи трансформатор эскирганлиги сабабли электр таъминотида узулишлар содир бўлаётганлиги фуқаролар мурожаатида қайд этилиб, ушбу масалада депутатдан амалий ёрдам сўралди. Ушбу мурожаат депутат томонидан ижобий ҳал этилиб, ҳудудга янги трансформатор ўрнатилди. Шунингдек, ҳудуд аҳолиси томонидан электр қувватини етказиб берувчи симёғочларнинг 20 донаси яроқсиз ҳолатида эканлиги билдирилиб, 20 дона замонавий бетон столбаларини ўрнатиш масаласида мурожаат қилинди. Депутат мурожаат юзасидан ҳудудда ўрганиш ишлари олиб боргандан сўнг, «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошлиғи номига муаммони бартараф этиш учун депутатлик сўрови юборди. Шундан сўнг, ҳудудга янги столбалар ўрнатиш масаласи 2023 йил Давлат Дастурига киритилди.

Шу билан биргаликда депутатнинг ўрганишлари давомида Жондор туман «Қароли» МФЙ ҳудудида жойлашган 22-сон Мактабгача таълим ташкилотига ичимлик суви қувури тортилмаганлиги аниқланди. Ушбу масала тегишли туман ташкилотлари томонидан ўрганиб чиқилиб, ҳозирда лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Марҳабо Пардаева ҳам халқ билан юзма-юз мулоқоти давомида аниқланган муаммоларни ижобий ҳал қилишга эришиб келмоқда. Жумладан, мулоқотлар чоғида Ромитан тумани «Боғча» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Сайёра Рустамова қизи Сурайё Асадованинг ногирон фарзанди борлиги ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги сабабли ҳокимият томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун қурилган уйнинг 4 қаватидан 2 хонали уй ажратиб берилганлигини маълум қилади. Аммо қизининг ногирон фарзанди борлиги сабабли 4 қаватга кириб-чиқишда қийинчилик туғдираётганини ва ҳозирда яшаб турган уйини пастки қаватдаги уйлардан бирига алмаштириб беришини сўрайди. Ушбу масала юзасидан депутат Ромитан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари номига депутатлик сўрови юбориб, муаммони бартараф этишга эришди.

Ромитан тумани «Бобур» МФЙда яшовчи фуқаро Улуғбек Манглиевнинг иш билан бандлик масаласидаги мурожаати ҳам депутат М.Пардаева томонидан ижобий ҳал этилиб, муаммонинг бартараф этилишига эришилди.

Депутатлик гуруҳи аъзоларининг саъй-ҳаракатлари билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ижтимоий ёрдамга муҳтож 38 та оила ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.

Бугунги кунда ёшларимизнинг бандлигини таъминлаш, ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш долзарб вазифадир. Бу борада депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан партиянинг «Бир ойда - бир иш ўрни» лойиҳаси доирасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 73 нафарга яқин ишсиз ёшлар давлат ва хўжалик соҳаларининг турли йўналишларига ишга жойлаштирилди.

Партиянинг вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Мақсуд Ҳамидов ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссияларига 10 та, 10 та вилоят Кенгаши сессияларига масала киритилди. Ушбу масалалар юзасидан доимий комиссия ва сессиянинг тегишли қарорлари қабул қилиниб, ижроси юзасидан самарали депутатлик назорати ўрнатилди.

Депутат томонидан кўтарилаётган ҳар бир масала ортида энг аввало инсон тақдири, халқнинг манфаати туради. Шу боис ҳар бир муаммонинг ҳал этилиши одамларнинг партияга ишончини мустаҳкамлаб, партиямизнинг нуфузи ва мавқейини оширишида муҳим аҳамият касб этади.

Мухтасар ЗОХИДОВА,

«Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+