Депутат фаолиятига назар

16.06.2022 09:06:43

1. Депутатликка номзод сифатида тақдим этган сайловолди дастурингизнинг қайси бандини бажардингиз?

2. Яқинда уюштирган депутатлик сўровингиз ва унинг натижаси?

3. Сайлов округингизда қачон охирги марта учрашув ўтказдингиз, сайловчиларнинг таклиф ва ташаббуслари нималардан иборат бўлди?

4. Сиз сайланган ҳудуд аҳолисининг ҳал этилиши лозим бўлган энг муҳим муаммолари қанақа? Нима учун ҳал этилмаяпти?

Депутатликка номзод сифатида сайловчиларга ўз дастуримизни жамиятда мавжуд муаммоларни теран англаган ва «Ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак, деган ақидага қатъий амал қилган ҳолда фуқаролар, айниқса аёллар ва болалар ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги ислоҳот ва янгиланишларни изчил давом эттиришга қаратилди. Жорий йилдаги депутатлик фаолиятим давомида Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги 22-умумтаълим мактабида таълим сифатини ошириш, илм-фанни ривожлантириш, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, педагог ходимларнинг фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш, таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида мактабдаги аҳвол билан яқиндан танишиб чиқдим. Мактабдаги мавжуд муаммолар юзасидан шаҳар ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга таклифлар билан чиқдим. Шунингдек, ҳудуддаги аҳволи оғир бўлган 128-мактабгача таълим муассасасини тўлиқ реконструкция қилиш мақсадида 2022 йилги дастурга киритишга мувофиқ бўлдик. Самарқанд шаҳридаги дорихоналарда дори-дармонларнинг сифати, нарх-навоси, улар томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар ҳолати, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари, ва «Ёшлар дафтар»ларига киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағларининг сарфланиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш масалалари юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Ўрганиш жараёнлари тўғрисидаги маълумотлар шаҳар Кенгашига тақдим этилиб, доимий комиссиялар кун тартибида муҳокама этилди.

«Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурматни шакллантириш, тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олишда маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган ишлар юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларининг ҳисоботларини», ҳамда «Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини кенг муҳокама қилиш, унинг олдини олишда Судларнинг тарбиявий-профилактик ролини оширишда маҳаллаларда, иш ва хизмат жойларида, таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишлар» хусусида фуқаролик, жиноят, иқтисодий судьяларнинг ахборотини доимий комиссияларда эшитиш билан бир қаторда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш борасида ҳамкорликдаги ишларни режалаштириб олдик. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар сув, газ ва электр тармоқлари корхона раҳбарлари билан сайлов округим ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинида ушбу соҳалар бўйича мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари юзасидан суҳбат олиб бордим.

  1. Яқинда уюштирган депутатлик сўровингиз ва унинг натижаси?

Яқинда фуқаролар мурожаати асосида 88,89,90 - сонли депутатлик сўровларини тегишли мутасаддиларга жўнатдим. Жумладан, маҳаллалар қошида шакллантирилган «Темир дафтар», «Аёллар» дафтарида рўйхатга киритилган, ногирон, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун жамоат транспорти, яъни автобус чипталарини бепул ёки имтиёзли қилиш масаласида 88-сонли, «Қўшчинор» маҳалласи ҳудудидаги Душанбе ва Миродилова кўчаларидаги 8 та хонадон ирригация тармоқлари талабга жавоб бермаслиги натижасида кўчаларга сув тўлиб қолаётгани, бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқараётгани, ушбу масала юзасидан бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилинган бўлсада амалий натижа бўлмаётганлиги сабабли Самарқанд шаҳар ҳокимидан ушбу масалага ечим топишда кўмак сўраб 89-сонли депутатлик сўрови орқали мурожаат қилдим.

«Чашма» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ёши улуғлар учун ташкил этилган нуронийлар чойхонасини таъмирлашда амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар асосида, Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосарига сўров жўнатдим. Депутатлик сўровларини яқинда чиқарганим сабабли, ҳали жавобини олганим йўқ. Умид қиламанки ушбу масалалар ижобий ечимини топади.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, баъзи депутатлик сўровларимиз ё жавобсиз, ёки мужмал жавоблар билан қайтарилмоқда. Жумладан, округдаги Сўзангарон, Қўшчинор, Садриддин Айний, Ғафур Ғулом маҳалла фуқаролар йиғинларига қарашли кўчалардаги электр симёғочларни алмаштириш, дастурга киритилган кўчаларни асфальт қопламаси билан қоплаш, 22-умумтаълим мактабидаги фаоллар залини ўриндиқлар билан таъминлаш масалалари ҳанузгача ўз ечимини топган эмас. Шу ўринда муҳтарам юртбошимизнинг «Депутатга беписандлик – халққа беписандликдир» деган ибораларини эслатгим келди. Чунки биз халқ номидан, халқнинг вакили сифатида мурожаат қилиб, керакли жавобни вақтида ололмаяпмиз. Албатта бу сайловчиларимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

3. Сайлов округингизда қачон охирги марта учрашув ўтказдингиз, сайловчиларнинг таклиф ва ташаббуслари нималардан иборат бўлди?

Жорий йилнинг 1 июнь куни округдаги «Чашма», «Халфа Иброҳим», «Абдулла Қаҳҳор», «Садриддин Айний», «Ғафур Ғулом», «Қўшчинор» МФЙларда истиқомат қилувчи фуқаролар билан учрашдим. Улар билан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги янгиликлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар борасида фикр-мулоҳазалар алмашдик. Уларни ўйлантираётган масалалар, қийнаётган муаммолар билан ўртоқлашдик. Фуқаролар томонидан маҳалла биносини таъмирлаш, алоқа ва иссиқлик тизими билан таъминлаш, канализация, кўчаларни асфальт қилиш, ариқ-зовурларга лоток қўйиш, яроқсиз ҳолга келган сув қувурларини алмаштириш, электр симёғочларни алмаштириш масалалари кўтарилди. Шаҳар ҳокими ўринбосари, молия ва иқтисодиёт бўлими ходимлари билан мавжуд камчиликларни бартараф этишда кўмак сўраб суҳбат ўтказдим.

Учрашувларимиз давомида фуқаролар томонидан жуда кўп таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, «Чашма» маҳалласидаги учрашув чоғида ёшлар томонидан вилоятимизда либослар дизайни бўйича олий таълим муассасаларида алоҳида йўналиш йўқлигини, айни дамда мавжуд олий таълим муассасалари тармоғига ушбу йўналиш ҳам киритилса мақсадга мувофиқ бўлиши қайд этилди. Ёшларнинг маълум қилишича баъзан ушбу соҳага қизиқиш юқори бўлсада ёки оилавий шароити, ёки ота-онасининг фарзандини олисга жўнатиш хоҳиши йўқлиги сабабли бошқа йўналишни танлашга мажбур бўлишини ҳам қайд этишди. Яна бир таклиф, бу хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича берилди. Жумладан, бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш муҳим масала ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб аҳолига хизмат кўрсатувчи овқатланиш шохобчалари, ошхоналар, озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қиладиган жойларда кўп ҳолларда фаолият кўрсатаётган ишчи ходимларнинг мутахассислигининг йўқлиги юзасидан фикр билдирилиб, Самарқанд шаҳрида ёпилиб кетган озиқ-овқат техникумини қайтадан очиш юзасидан таклифлар берилди. Бундан ташқари, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлаш зарурати бўлган фуқароларга давлатимиз томонидан манзилли тарзда кўмаклашиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг узвий давоми сифатида, маҳаллалар қошида шакллантирилган «Темир дафтар», «Аёллар» дафтарида рўйхатга киритилган, ногирон, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун жамоат транспорти, яъни автобус чипталарини бепул ёки имтиёзли қилиш масаласида ҳам таклифлар билдирилди.

Ушбу таклифлардан келиб чиққан ҳолда мутасаддиларга депутатлик сўрови орқали мурожаат қилдим. Ўйлайман-ки, ушбу таклифлар эътиборга олиниб, амалиётга жорий этилса, фуқароларнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашларига хизмат қилади.

4. Сиз сайланган ҳудуд аҳолисининг ҳал этилиши лозим бўлган энг муҳим муаммолари қанақа? Нима учун ҳал этилмаяпти?

Мен сайланган 9 - Сўзангарон сайлов округи ҳудудидаҚўшчинор» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Душанбе, Миродилова каби кўчалардаги ирригация тизимини яхшилаш масаласи депутат сифатида мени кўп безовта қилади. Чунки ёғингарчилик пайтида ушбу кўчаларда истиқомат қилувчи фуқаролар жуда кўп азият чекишади. Албатта бу борада, мутасадди идораларга депутатлик сўровлари чиқарилиб, ушбу ташкилот вакиллари ва фуқароларнинг учрашувларини ташкил қилдим, мутасаддилар мавжуд ҳолат билан яқиндан таништирилди. Натижада юқорида қайд этилган кўчаларидаги ариқ-зовурлар, ирригация ва канализация тизимлари бирмунча тартибга келтирилган бўлсада, тизимдаги муаммо тўлиғича бартараф этилгани йўқ.

Бундан ташқари, сайлов округимга қарашли 8 та маҳалла фуқаролари йиғинларининг ички кўчаларини асфальт қопламаси билан қоплаш, электр симёғочларини алмаштириш, ноқонуний қурилишларни бартараф этиш, ижтимоий соҳа объектларини тартибга келтириш, маҳалла фуқаролар биноларини замонавий қиёфага келтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш каби ечимини кутаётган масалалар талайгина. Бу борада биз депутатларнинг вазифаси ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни фақатгина ўрганувчи эмас масъулиятни зиммамизга олиб, жараённи ичида бўлиб, фидоийга айланиш, масалага ечим топишда ташаббускор бўлиш эканини унутганимиз йўқ. Депутатлик ваколатим доирасида ушбу масалаларга ечим топиш йўлида ҳаракатдаман. Зеро, сайловчилар, шу халқ бизга ишониб овоз берган экан, уни оқлаш зиммамиздаги масъулиятдир.

Муҳиба Бабабекова,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+