Депутат фуқаролар билан мулоқотлар олиб бормоқда

30.11.2022 10:11:18

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Абдуқодир Мустафоқулов ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, одамларнинг оғирини енгил қилиб, ҳамиша халқ дарди билан яшаб, уларнинг муаммосини ечишда жонбозлик кўрсатиб келаётган депутатлардан бири саналади.

Халқ вакили қачон сайловчилар билан учрашмасин, ҳар гал фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилади, кўтарилаётган масалаларга имкон қадар жойида ижобий ечим топади. Одамларнинг дарду қувончига шерик бўлиб, оғирини енгил қилишга жиддий ҳаракат қилади.

Депутатнинг Термиз шаҳар аҳолиси билан учрашувлари ҳам ғоят қизғин кечди. Айниқса, «Маърифат» МФЙда маҳалла фаоллари томонидан кўтарилган масалалар, «Темир дафтар»га киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш, ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш, бандликни таъминлаш юзасидан суҳбатлашилгани ҳудудни ҳар жиҳатдан ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши муқаррар. Мавжуд муаммолар туман мутасаддилари билан биргаликда ўрганилиб, белгиланган тартибда назоратга олиниши келишиб олинди.

- Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашига партиямиздан сайланган депутатлар билан ҳамкорликда шаҳар маҳаллаларидаги хонадонларда бўлиб, 200 дан ортиқ фуқаро билан мулоқот ўтказдик,-дейди депутат А.Мустафоқулов.- 40 дан ортиқ фуқарога кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш, банкнинг имтиёзли кредити эвазига иссиқхоналар қуриш, парранда боқиш, лимон ва ёнғоқ экиш орқали қўшимча даромадга эга бўлиш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилди. Эҳтиёжманд аҳолига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиб, зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Аҳоли муаммоларини ҳал этиш, турмуш шароити ва ҳаёт сифатини яхшилаш бугун давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Халқ манфаати йўлида савобли ишларни ният қилган партиямиз аъзолари ҳам ана шу эзгу мақсад йўлида хизмат қилмоқдалар.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+