Депутат - халқ орасида

08.04.2021 18:04:55

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши, шаҳар ва туман Кенгашлари  депутатларининг ўз сайловчилари билан бўлиб ўтган юзма-юз мулоқотлари  самарали кечмоқда.

Хусусан, Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати Бўри Хоновнинг туман маҳаллаларида бўлиб, фуқаролар билан уюштирган учрашувлари  жонли мулоқотларга бой бўлди. Бугун туман аҳолисини турар жой, банкдан кредит олиш, оқар сув билан боғлиқ муаммолар қийнамоқда.

Жумладан, тумандаги “М.Эштемиров” маҳалласида бўлган мулоқотлар асносида ушбу маҳалла фуқароси Гулчеҳра Улуғова 2 нафар фарзанди борлиги, турмуш ўртоғи вафот этганлиги, боқувчиси йўқлиги учун таъмирталаб ҳолатдаги уйини таъмирлай олмаётганлигини айтиб, таъмирлаш ишларида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Депутатимиз мазкур мурожаатни ўрганиб чиқди ва туманда фаолият юритаётган тадбиркорларни жалб қилиб, фуқаро Г.Улуғованинг уйини таъмирлатиб беришга ваъда берди.

Мазкур маҳаллада яшовчи фуқаролардан бири Гулсара Нурматова  хонадони эски нотурар жой бўлиб, бир хонада турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди- беш киши яшашини, ўғли эса келини билан ноилож ижарада яшаб келаётганлигини, уйини турар жойга айлантириб беришларини сўраб мурожаат қилди. Депутатимиз ушбу муаммони туман ҳокимлиги мутасаддилари билан бирга ўрганиб чиқиб, тез орада амалий ечим топиб, масалага ойдинлик киритишини маълум қилди.

Яна шунингдек, “М.Эштемиров” маҳалласида истиқомат қилувчи Тиллоқиз Розиқова айни пайтда турмуш ўртоғи вафот этганлигини, икки нафар фарзандини боқиш учун тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи эканлигини, шунинг учун иссиқхона қуриш ниятида бўлиб, кредит олишда қийналаётганлигини баён қилди. Депутатимиз дарҳол туман “Микрокредитбанк” мутасаддилари билан боғланиб, масалани ҳал қилиб беришларини сўради. Муаммонинг дарҳол ечими топилиб, Т.Розиқова тез орада кредит олиши мумкинлиги аён бўлди. Мазкур муаммони ҳам депутат ўз назоратига олишини билдирди.

Азиз Ражабов, “М.Эштемиров” МФЙ раиси:

-Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган одамлар билан юзма-юз мулоқот ҳар бир ҳудуддаги, қишлоқ, маҳалла, хонадондаги мавжуд аҳволга холисона баҳо бериш ва камчиликларни ўз жойида бартараф этишнинг энг яхши йўлидир. Албатта, бизнинг маҳалламизда ҳам муаммолар бор. Масалан, қишлоғимизда тадбиркорларни кўпайтириб кичик корхона ва маиший хизмат шаҳобчаларини ишга тушириб, кўпгина одамларимизни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш мумкин. Биз ушбу масала ечимида депутатимиздан ёрдам сўрадик. Депутат аралашуви билан туман масъуллари бу масалага тез орада ойдинлик киритадиган бўлишди.

Хулоса қилиб айтганда бугун жойларда амалга оширилаётган юзма-юз мулоқотлар натижасида ҳудудий ечимга эга бўлсада, йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топмоқда. Бу каби амалий ҳаракатлар ортиқча овворагарчиликларнинг олдини олмоқда. Энг муҳими фуқароларимизнинг турмуш шароитлари янада яхшиланмоқда.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+