Депутат нуфузли халқаро форумда иштирок этди

06.06.2022 17:06:22

Юртимизда хотин-қизларнинг илм-фан ва илмий фаолиятдаги ўрнини ошириш, уларнинг инновацион ғоялари, ихтирочилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хотин-қизларнинг интеллектуал мулк объектларига патент олишларига кўмаклашиш, уларнинг фаолиятларига инновацион ёндашувни жорий қилиш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб “Innowomenweek” – ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги ўтказилмоқда.

Бухоро давлат университетида вилояти ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда университет профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда ҳафталик доирасида «Илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришда хотин-қизларнинг ўрни» мавзусидаги илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. 

Унда университет-профессор ўқитувчилари, олима аёллар, депутатлар, хусусан, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Нодира Гаибназарова, фаол ихтирочи ва тадбиркор хотин-қизлар иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, бугун давлат ва жамоат ишларида фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган опа-сингилларимиз сафи кенгайиб бормоқда.

Умуман, инновацион ҳафталикни ташкил этишдан мақсад, хотин-қизлар илмий–назарий ғоялари, лойиҳа ва ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва ихтирочилик фаолиятига кенг жалб қилиш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишларига кўмаклашиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг фаолиятига инновацион ёндашувни жорий қилишдан иборатдир.

Ҳафталик форумлар доирасида “TECHNOWOMENUZ”, «Илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришда олима хотин-қизлар ва иқтидорли талаба қизларнинг ўрни», Илмий–замонавий тадқиқотлар, олима аёлларнинг ютуқлари ва инновациялари», «Муҳандислик – технология соҳаларини ривожлантиришда хотин-қизларнинг ўрни» каби мавзуларда илмий-амалий семинарлар ташкил этилади. 

Худди шундай, Бухоро вилоятидаги олий таълим муассасаларидаги олима ва ихтирочи аёллар ҳамда иқтидорли талаба қизларнинг ихтиролари, фойдали моделлари, саноат намуналари, селекция ютуқлари, 

ЭҲМ учун яратилган дастурлари, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар томонидан тайёрланган қўл ишлари, ҳунарманд аёллар томонидан ижодий ишлар кўргазмаси, “Start-up” замонавий инновацион ғоялар бўйича муваффақиятга эришган лидер тадбиркор хотин-қизлар иштирокида маҳорат сабоқлари ўтказилади.

«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+