Депутат оиласи -  вилоятда энг намунали оила

18.05.2022 11:05:30

Яқинда Навоий вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Оилавий қадриятларни авайлаб келган, намунали маънавий-ахлоқий муҳитга эга, комил фарзандларни вояга етказган, жамиятда обрў-эътибор қозонган оилалар танловда фаол иштирок этишди. 

Қувонарлиси, унда партиямиздан халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Шаҳло Раҳматова оиласи республика миқёсида энг намунали оила деб топилиб, биринчи ўринни қўлга киритиб, қимматбаҳо ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

депутат111

Қаҳрамонимиз депутатлик фаолияти билан бирга Навбаҳор туман халқ таълими бўлими услубчиси сифатида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда.  Шунингдек, узоқ йиллар Навбаҳор туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида меҳнат қилиб, зиёлилиар ва кенг жамоатчилик ўртаси катта ҳурмат қозонган. 

Ўз фаолияти давомида “Халқ таълими аълочиси” ҳамда “Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги” эсдалик нишонлари билан тақдирланган.

Турмуш ўртоғи Сафоқул Ҳасанов эса асаларичилик, узумчилик, анорчилик ва оилавий ҳунармандчилик йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келади. Бугунги кунда 50 та асалари оиласини парваришлаб, халқимизга дастурхонига тоза асал маҳсулотларини етказиб бермоқда.

Шаҳло Раҳматова ўттиз йиллик турмуши давомида намунали оила бекаси сифатида 2 нафар қиз ва бир нафар ўғил фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказган. Фарзандларининг барчасини олий маълумотли қилиб, катта ҳаётга йўллаган.

Фарзандларининг каттаси Сарвиноз онаси каби ўқитувчилик касбини танлаган. Ҳозирда  Навоий шаҳридаги умумтаълим мактабларининг бирида  инглиз тили фанидан дарс бериб келмоқда. Ўғли  Жавоҳир юртимизнинг энг йирик саноат корхонаси ҳисобланган Навоий Кон металлургия комбинатига қарашли 5-Кон бошқармаси ишчиси сифатида жамиятимиз ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.  Кенжа фарзанди Муаттар эса Ўзбекистон жаҳон тиллари университетининг 2-босқичида таҳсил олади.

Бир сўз билан айтганда Шаҳло Раҳматова ўз турмуш ўртоғи билан бирга фарзандларига муносиб таълим ва тарбия бериб, уларнинг барчаси ҳаётда муносиб ўрнини топганлиги таҳсинга лойиқ.

Бундан ташқари Ш.Раҳматова депутатлик фаолиятида ҳам  ўзининг жонкуярлиги, самимийлиги, фидойилиги ҳамда тиришқоқлик хислатлари орқали аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этишдаги жонбозлиги туфайли сайловчилар ишончи ва меҳрини қозониб улгурган.

“Намунали оила бўлиш учун жуда кўп нарса керак эмас,  сабр тоқатли бўлиш, оилада эркинлик бўлиши, энг аввало бир-бирини тушуниши керак”, - дейди оила бошлиғи Сафоқул Ҳасанов.

Фурсатдан фойдаланиб, депутатимизни “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг ғолиблиги билан депутатларимиз ҳамда кўп сонли партиямиз фаоллари номидан самимий муборакбод этамиз. Юртимизда ибратли оилалар сони кўпаяверсин.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Навоий вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+