Депутат қурилиши охиригача етказилмаган кўп қаватли уй муаммосини ҳал қилди

07.09.2021 14:09:38

“Адолат” СДП Шайхонтохур туман депутатлик гуруҳи ҳақида гап кетганда доимо фаол ва ҳаракатчан бешовлонлар кўз олдимизга келади. Чунки, ушбу ҳудудда партиядан сайланган бешта депутат ўз зиммасидаги вазифасини сидқидилдан адо этишда жонбозлик кўрсатиб келмоқда.

Депутат Ойбек Боймонов мисолида кўрадиган бўлсак, йил бошидан буён 8-сайлов округига қарашли “Чорсу”  ва  “Гулбозор” маҳаллаларида коммунал тизими билан боғлиқ муаммоларни ўрганди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли мутасаддиларга депутатлик сўрови юборди ва муаммолар ҳал этилди.

Депутат Неъматилла Муҳаммедов бўлса, жорий таъмирга муҳтож мактаблар аҳволини ўрганиб, муаммоли ҳолатларни бартараф этиш юзасидан масъуллар билан юзлашди. Шундай мактаблардан бири бўлган 136-умумтаълим мактабида спорт майдончаси йўқлиги, бу эса ўқувчи ва ўқитувчиларда турли ноқулайликлар келтириб чиқараётганлиги маълум бўлди. Депутат бугунги кунда мазкур мактабга майдонча ўрнаттириш ҳаракатлари билан банд. Шунингдек, депутат Н.Муҳаммедов саховат ва хайрия ишларини ҳам эътиборидан четда қолдирмайди. Жумладан, 9-май – Хотира ва қадрлаш куни ва бошқа байрамлар-у тадбирларда ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотганлар ҳолидан доимий хабар олиб туради. Ўтган галги хайр-саховат учрашувларида ҳам якка-ёлғиз фуқаролар Қурбонова Ашура, Башлаева Зинаида, Халидова Галия, Ремидовская Ольга кабилар ҳолидан хабар олинган. Маҳаллаларда уюшмаган ёшлар билан тез-тез учрашувлар ўтказиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, хусусан, чет тилларини ўрганишларига шарт-шароит яратиб бериш бўйича амалий ишлар билан шуғулланди. Бунинг далили сифатида “Гулбозор” маҳалласида Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорликда ўқитувчиларни жалб этиб, ёшларнинг вақтини мазмунли ташкил этилишига кўмаклашди. Депутат Н.Муҳаммедов ахоли томонидан билдирилаётган таклифларга асосан, жамият ҳаётида муҳим из қолдирган сиймолар номини абадийлаштиришга ҳисса қўшмоқда. Шундай сиймолардан бири шоир Юсуф Ҳамдамнинг номини тумандаги “Шофайзи” маҳалласи Чаман кўчасига берилишида мутасадди ташкилотлар билан учрашиб саъй-ҳаракатлар олиб борди.

Депутат Дилдора Исломова ҳам энг шижоатли депутатлардан бири. Чунки у Шайхонтохур туман Кичик халқа йўли кўчаси 147, 147а, 147б – кўп қаватли хонадонларда истиқомат қилиб келаётган бир гуруҳ фуқароларнинг мурожаатларига кўра, 2017-2018 йилларда “Sardor-MS” МЧЖдан сотиб олган уйларинининг талабга жавоб бермаслиги юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови киритиб ҳал қилинишига эришган. Унга қадар фуқароларнинг мазкур қурилиш фирмасидан сотиб олган уйлари  таъмирланиши ниҳоясига етказилмаган. Хусусан, уйлар атрофи асфальт қилинмаган, болалар ўйингоҳи қурилмаган, чиқинди тўкиш жойлари ўрнатилмаган. Хавотирли жиҳати, лифт шахтаси очиқ ҳолатда қолган, бу эса аҳолига жиддий хавф туғдирган. Ушбу муаммолар бўйича аҳоли жуда кўп мутасадди ташкилотларга мурожаат қилган бўлишига қарамай барча мурожаатлар бесамарлигича қолиб кетган. Депутат Д. Исломова туман 3-сектор раҳбарияти орқали фуқароларнинг уй-жой бўйича мурожаатини ижобий қониқтирди. “Sardor-MS” МЧЖ қурилишни охирига етказди. Шу билан бирга, “Кўкча” маҳалласида ўрганиш олиб борганида канализация йўқлиги аниқланди. Меҳнат вазирлиги билан ҳамкорликда ижтимоий муаммоларни ҳам ўрганди ҳамда масала ечимига кўмаклашди. Депутат Д. Исломова “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан, Тошкент вилоятининг “Лайнер” оромгоҳида ўтказилган “Қонун ижросини таъминлашда ва бюджет шакллантиришда гендер ёндашуви” мавзусидаги 3 кунлик семинар-тренингда қатнашиб, ўз фикр ва таклифлари билан иштирок этди.

Депутатлар Ойбек Худойқулов ҳамда Даврон Асадуллаевлар ҳам халқ хизматида юришдан завқ топадиган фидойи депутатлардан. Улар тумандаги МТТ (мактабгача таълим муассаса)ларига тез-тез ташриф буюриб, хайрия ва саховат тадбирларини уюштириб туришади.

Умуман олганда, Шайхонтоҳур туман депутатлик гуруҳини бошқа депутатлик гуруҳларига намуна қилиб кўрсатса арзийди. Депутатлик гуруҳи Ўзбекистон "Адолат" СДП томонидан ташкил қилинган “Бор меҳримиз сенга, болажон” беғараз донорлик акциясида ҳам фаол иштирок этиб, қонга муҳтож бемор болажонлар учун қон топширдилар. Шунингдек, тумандаги онкология муаммоларини ўрганиб, бу бўйича шифохоналарда ўрганишлар олиб борган.

Депутатлик гуруҳи Шайхонтоҳур туман адлия бўлимининг туман даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширилган фаолияти тўғрисидаги масалани доимий комиссияда муҳокамадан ўтказиб, Халқ депутатлари Шайхонтохур туман кенгаши сессиясига масала сифатида киритган ва тегишли қарор чиқарилишига эришган.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар кенгаши

матбуот котиби

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+