Депутат сайловчилар билан ҳамнафас

20.05.2021 09:05:17

Депутат — халқ вакили. У одамлар дардини тинглаш, халқнинг меҳрини қозониш, ишончини оқлаш учун сайланган. Бугун одамлар орасига кирмай, улар билан мулоқот қилмай жойлардаги муаммоларга ечим топиб бўлмаслиги аниқ.

Шу нуқтаи назардан улар халқ вакили сифатида халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши керак. Сайловчилар билан очиқ мулоқот йўлга қўйилган жойда муаммо бўлмайди, фаровонлик ҳукм суради, ўзгариш бўлади.

Бугун мамлакатимиз ҳаётида халқ билан барча даражадаги депутатлар сайловчилар ишончини қозониш мақсадида уларнинг дарду ҳасратларини тинглаб, баҳоли қудрат уларнинг муаммоларига ечим топишга ҳаракат қилмоқдалар. Бу борада партия Термиз туман Кенгаши депутатлари ҳам  ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Хусусан, Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати Гулчеҳра Турдиева  сайловчилар ишончини оқлаб келаётган депутатлардан бири. У сайловчилар кўтарган масалаларни, ҳар бир мурожаатни жойига чиқиб ўрганади, муаммо ечимига жиддий киришиб, уни бартараф етиш чораларини кўради.

Халқ вакили бу гал Термиз тумани “Истиқлол” МФЙ аҳолиси билан учрашувлар ўтказди. Депутат ҳар бир фуқаронинг муаммосини эшитди, аҳоли мурожаатларига юзаки қарамади, сайловчиларни тинглади. Уйма-уй кириб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганлар билан учрашиб, суҳбатда бўлди.

Юзма юз мулоқотда маҳалла аҳолиси томонидан ичимлик суви муаммоси баъзи хонадонларни қийнаб келаётганлиги, шунингдек, маҳаллага бундан анча йиллар олдин ўрнатилган трансформаторлар яроқсиз ҳолга келиб қолгани, натижада маҳаллада тез-тез электр энергияси таъминоти узилиб қолаётгани ҳақида сўз юритдилар. Аҳоли томонидан билдирилган мурожаат ва таклифлар юзасидан тегишли корхона, ташкилот ва муассасаларга депутатлик сўровлари билан мурожаат қилинди.

Яна шунингдек, маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро, кўз касаллиги бўйича 1 гуруҳ ногирони Олтибой Тиловов  ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳволда эканлигини, айни кунда касалхонада ётиб даволаниши учун ордер зарурлигини айтиб, мазкур муаммони ҳал қилиб беришда амалий ёрдам сўради.      

Депутатимиз томонидан фуқаро мурожаати юзасидан  туман Тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига депутатлик сўрови юборилди. Туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари томонидан депутатлик сўровига ижобий жавоб қайтарилиб, фуқаро О.Тилововга касалхонада ётиб даволаниши учун ордер берилди.

–Биз халқ ноибларидан халқимизнинг умиди жуда катта, – дейди халқ вакили Гулчеҳра Турдиева. – Шу жиҳатдан одамларни рози қилиш, уларга берган ваъдаларни бажариш учун астойдил ҳаракат қилишимиз, кўпроқ вақтимизни халқ орасида ўтказишимиз керак. Негаки, муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарду ташвиши ётади. Демак, ўз муаммоси билан келган фуқаронинг оғирини енгил қилиш, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш ҳар биримизнинг кундалик вазифамизга айланиши лозим.

Убайдулло ТОҒАЙНАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Термиз туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+